2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизда ягона ва шаффоф валюта бозорини шакллантиришга йўналтирилган «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5177-сонли Фармони имзоланди. Бизнес вакиллари уни юксак кўтаринкилик билан кутиб олди.

Бироқ ушбу фармон қабул қилингунга қадар бўлган валюта мажбуриятлари билан энди қандай иш тутиш кераклиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлади. Жумладан, йўловчи авиаташувини амалга ошириш соҳасида. Банк ходимлари Марказий банкдан кўрсатмалар кутиб туришибди, ваҳоланки қонунчилик бу муаммони бемалол еча олади, деб ёзади Norma.uz эксперти.

Йўловчилар авиаташувини амалга ошириш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 августдаги №224-сонли қарорига кўра тартибга солинган. Унинг асосида ҳаракат қилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Россия Федерациясининг шаҳарлари йўналишида, хорижий авиакомпаниялар эса барча йўналишларга 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар авиачипталарни АҚШ долларида сотиб келишаётган эди. Агентлар ва субагентлар валюта тушумининг 50 фоиз мажбурий сотувини амалга оширишлари шарт эди. 5 сентябрдан эътиборан авиачипталар сўмга сотилмоқда ва авиакомпаниялар агентлик битимини қайтадан имзолашган.

Бироқ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК агентлари, хорижий авиакомпаниялар агентлари ва субагентлари ва уларига хизмат кўрсатаётган банклар ўртасида баъзи муаммолар вужудга келган.

Банклар:

- «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ҳамда хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистондаги агентлари ва ваколатхоналари валюта ҳисоб рақамларига 5 сентябргача бўлган муддат учун сотилган авиачипталар учун маблағларни ўтказиб бериши лозим бўлган авиакомпаниялар агентлари ва субагентларининг тўлов топшириқномаларини бажаришдан бош тортмоқда;

- 2017 йил 5 сентябрга қадар тушган валюта тушумлардан 50 фоизини мажбурий сотиш тўғрисидаги тўлов топшириқномаларини агент ва субагентлардан қабул қилмаяпти.

Банклар ўзининг бу хатти-ҳаракатини 5 сентябрдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ўзаро ҳисоб-китоблар миллий валютада амалга оширилиши, валюта тушумидан мажбурий сотиш эса бекор қилингани билан тушунтиришмоқда. Президент фармони ишга тушгунга қадар сотилган авиачипталар учун маблағлар ўтказиб берилиши ва ўша давр учун валюта тушумини мажбурий сотувини амалга ошириш зарур экани ҳақидаги тушунтиришлар эса наф бермаяпти. Ёзма равишда рад жавоби бериш ҳақидаги талабларга эса, банк ходимлари Марказий банкка мурожаат қилиш кераклигини айтишмоқда.