Иско ҳамиша ўз яқинларига «Реал» таркибида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланиши мумкинлиги ҳақида гапириб келган. У ҳатто бир йил олдин, мадридликлар жамоаси бош мураббийи Зайнидин Зидан уни асосий таркибдан чиқарган ва унинг «Барселона»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганида ҳам шундай фикрда эди. Каталонияликлар Искони Иньестага ўринбосар сифатида кўришганди. Режага кўра у 2018 йилдан «Барселона»га ўтиб, 20 млн евро миқдорида йиллик маош олиши кутилганди. Аммо футболчи қолишга ва ўзига имконият берилишини кутишга қарор қилди. «Мен осонгина таслим бўлмайман. Биламан, мен «Реал»да муваффақиятга эришаман», – деганди испаниялик футболчи.

Иско 2016/17 йилги мавсумда жамоанинг Чемпионлар лигасидаги 10 ўйинидан фақат иккитасида майдонга тушди, «Спортинг»га қарши ўйинда 67, «Наполи» билан ўйинда эса 10 дақиқа ҳаракат қилди. Примерадаги иштироки эса Бэйлнинг жисмоний ҳолатига боғлиқ бўларди. Аммо футболчи ўзига ишонди ва терма жамоа сафида ЖЧ-2018 саралашида Италияга қарши ўйиннинг асосий таркибидан жой олиб, ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатди.

Испания ва Италия терма жамоалари ўйини натижаси 3:0 бўлгани бир терма жамоанинг иккинчисидан ҳаддан ошиқ кучли бўлганини англатмайди – шунчаки Иско ўйинни ўз зиммасига олганди. У икки гол уриб, ўйин давомида майдоннинг ҳар нуқтасида рақиб футболчиларини ожиз қолдирди.

«Мен ҳайратдаман. Унинг жисмоний ҳолати жуда зўр. У энди ёш бола эмас. Тўп йўқотилганида у яшиндек ҳаракат қилади ва тўпни қайтариб олмагунча тўхтамайди. У гол уришни қойиллатади. Авваллари клублар скаутлари ортиқча вазни ва бўйи пастлиги учун уни қадрлашмасди. Иньеста ҳақида ҳам 10 йил олдин шундай дейишмаганмиди? У қанотда ҳам ўйнай олади! Иньеста ва Иско каби футболчилар исталган жойда ўйнай олишади. Иско Италияга қарши ўйинда қайси позицияда ўйнади? У ҳамма жойда ҳозир эди», – дея унинг ўйинига муносабатини билдирган мураббийлардан бири.

Бундай ўйиндан кейин аввалги мураббийлари Исконинг қобилиятига етарлича баҳо бермагани ҳақида бемалол айтиш мумкин (Зидан вақтида ҳам вазият деярли шундай бўлди). Мураббийлар аҳмоқ бўлишганми ёки аввал Иско ҳозиргидек бўлмаганми?

«Мен унга имкон берганман, бир мартагина эмас, аммо футболчи имкониятидан фойдаланмаса, уни мажбурлайверишмайди-ку», – дея қайд этган Унаи Эмери Mentalidad Ganadora номли китобида. Иско «Валенсия» академияси тарбияланувчиси бўлиб, 2009 йили асосий таркибга ўтган, 2010-2011 йилги мавсумда Унаи Эмери бош мураббий бўлган даврда у жамоада 4 учрашувда майдонга тушган.