Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Миллий матбуот марказида “Тиббий патронаж: аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва аниқ шахсга қаратилган хизмат” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг KUN.UZ’га маълум қилишича, тадбир давомида вазирлик тизимида тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, тиббий патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиш йўналишлари, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқбол режалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Демак, бу соҳа бутун мамлакат аҳолиси саломатлигига жавобгар йўналиш. Шу маънода, патронаж хизмати ривожидан, аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини, жумладан, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни тарғиб этиш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш давлатнинг эътибор марказида бўлишини алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу эзгу мақсад мамлакат раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда ҳам алоҳида қайд этилди. Дарҳақиқат, бирламчи тиббий бўғинга давлат миқёсида қаратилаётган эътибор ушбу тизимда фаолият юритаётган ҳар бир тиббиёт ходими зиммасида улкан масъулият борлигини кўрсатмоқда. Демак, бирламчи тиббий-санитария хизмати ишини ана шу мезонлар асосида, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш бугунги кун талабидир. Шу мақсадда, аҳолига энг яқин тиббий бўғинда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йилнинг 29 мартида қабул қилинган ПҚ-2857-сонли қарори бу борадаги вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал ҳужжат вазифасини ўтамоқда. Қарор бирламчи тиббиёт муассасалари жойлашувини оқилона ташкил этиш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш, мамлакатда, унинг ҳар бир ҳудуди ва аҳоли яшаш пунктларида касалланиш даражасини пасайтириш, профилактика ишларини янада яхшилашга қаратилган. Ҳужжат ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 та ҚВП биноларини ҚВП ва поликлиника шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга берилмоқда. ҚВПлар, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда хизмат кўрсатиш вақтини соат 08:00 дан 20:00 гача узайтириш ҳисобига аҳоли учун бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда.















