«2017 йил август ойидаги имтиҳонлардан «қуруқ» чиққан Тошкент молия институти ўз репертуарига содиқ қолган ҳолда, янги «саҳна кўринишлари»ни намойиш этмоқда», деб ёзади блогер Мирзо Субҳанов  ўз блогида.

Унинг олиб борган кичик суриштирувига кўра, «бу галги кўзбўямачилик институтга янги ўқитувчиларни «ишга олиш», аниқроғи, «ишга олмаслик» билан боғлиқ».

«Гап шундаки, ТМИ томонидан 2017 йил 6 сентябрь куни бандликка кўмаклашиш марказининг расмий сайтида «Олий ўқув юрти ўқитувчиси» лавозимига 24 янги иш ўринлари таклиф этилган. Бу вакансиялар бўйича «Тошкент оқшоми» газетасида ҳам эълон чиқарилган. Фақат «тасодифан» институт расмий сайтида бу бўйича маълумот берилмаган, холос.

Вакансияда институтнинг кадрлар бўлими телефони жойлаштирилган. Берилган телефон рақамларига боғланганимизда, қуйидаги жавоб бизни ҳайратга солди:

«Бизда дарслар август ойидаёқ тақсимлаб бўлинган ва бўш иш ўринлари мавжуд эмас!»

Расмий сайтда 24та янги иш ўрни қаердан пайдо бўлган, деб институт жойлашган ҳудуд бўйича — Юнусобод бандликка кўмаклашиш  марказига мурожаат этдик. Марказ Тошкент молия институти 4 сентябрь куни 24та вакансия эълон қилганини расман тасдиқлади ва ҳаттоки бу вакансия бўйича 13 сентябрь куни герб муҳрли «ишга йўлланма»ни расмийлаштирди.

Расмийлаштирилган йўлланма билан биз Тошкент молия институтига отландик. Олдинда бизни янги ва янги саргузаштлар кутар эди.

Институтнинг кадрлар бўлимига йўлланмани тақдим этишга ҳаракат қилганимизда, «сиз кечикдингиз, биз одам олиб бўлдик», деган жавобни олдик. Ҳолат юзасидан эътироз билдирганимизда, кадрлар бўлими — ўқув услубий бошқарма бошлиғига, ўқув услубий бошқарма бошлиғи ўз навбатида — институт кенгаш котибиятига, котибият — кафедра мудирларига, кафедра мудирлари «эстафета таёқчаси»ни яна кадрлар бўлимига йўллади.

Квадрат бир тепар услубини яхши ўзлаштирган ТМИ футболчиларга ҳатто миллий терма жамоамиз аъзолари ҳавас қилса арзийди!

Бу ҳолатни назарий ўрганишга ҳаракат қилайлик: Тошкент молия институти 24та вакансияни нима учун эълон қилди?

5 йилда бир марта ҳар бир вакант жой қайтадан танлов асосида расмийлаштирилиши керак экан.

Нима учун бу вакансиялар бўйича маълумотлар яширилмокда?