Дам олиш кунлари Испания чемпионатида 4-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини келтириб ўтади.
«Барселона»: 4 учрашувда 4 ғалаба, кейинги 4 ой Дембелесиз
«Барселона» «Хетафе» майдонига сафар қилди ва ўзининг аноррангли формасида илк учрашувини ўтказди. Учрашув бошида майдон эгалари тўла устунлик қилишди, шунга мос равишда биринчи бўлиб гол уришди: япониялик ярим ҳимоячи Гаку Сибасаки каталонияликлар сафида юбилей - юзинчи ўйинни ўтказган Марк-Андре тер Штегенни ранжитди – «Хетафе» чиройли гол билан олдинга чиқиб олди.
Меҳмонларга мураббийнинг тўғри қарорлари ёрдамга келди: Эрнесто Вальверде ўйиннинг иккинчи бўлимида икки алмаштиришни амалга оширди ва бу натижа келтирди. Майдонда Денис Суарес ва Паулиньо пайдо бўлишди, айнан улар жамоа ғалабасини таъминлаган икки голни уришди. Натижада, «Барселона» чемпионатда қаторасига тўртинчи ғалабани нишонлаб, турнир жадвалида яккапешқадамга айланди. Лекин бу ўйинда дунёдаги энг қиммат футболчи Усмон Дембеле жиддий жароҳат олди. Охирги маълумотларга кўра, у 4 ой муддатга сафдан чиқди.
Сан-Себастьянда «Қироллик учрашуви»
«Аноэта»га сафар олдидан мадридликлар клубида муаммолар пайдо бўлди – дисквалификация туфайли сафдан чиққан Роналду ёнига «қаймоқранглилар»нинг иккинчи асосий ҳужумчиси Карим Бензема ҳам қўшилди. Аммо Зидан бу вазиятдан чиқиб кета олди. Бу сафар у майдон ташқарисида финт қилди, у кўпчилик учун нотаниш Борха Майорални майдонга ташлади. Мадридликлар клубининг 20 ёшли тарбияланувчиси мураббийнинг ишончини ортиғи билан оқлади – у биринчи зарбасиниёқ голга айлантирди ва кейин ўйин давомида ҳам басклар мағлуб этилиши учун барча ишни амалга оширди, ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда у берган зарбани мезбонлар футболчиси ўз дарвозасига киритиб қўйди.
Кевин Родригес – «Реал Сосьедад»нинг ёш ҳимоячиси – у бу ўйинда жамоасининг асосий футболчисига айланди: аввалига мадридликлар дарвозасини, кейин ўз дарвозасини ишғол қилди, охирида эса Гарет Бэйл билан чопишиб кўрди, лекин унга учинчи голни уришга халал бера олмади. Бэйл «Аноэте»да ўзининг олтинчи голини урди. У «Реал Сосьедад»га бу жамоа майдонида энг кўп гол урган футболчи. «Реал» эса голли ўйинлари сериясини давом эттирди, жамоа энди «Сантос» томонидан узоқ ўтмишда қайд этилган рекордни такрорлади (73 ўйин), шунингдек, Мадрид клуби қаторасига 11та сафар учрашувида гол уриб, янги рекорд ўрнатди.


















