Бу сафарги дам олиш кунлари нафақат футбол мухлислари, балким ҳар қандай инсонни ҳам телевизор қаршисига олиб келишга қодир бўлган учрашув бизни кутиб турибди. Эл-класико ҳафтаси деб ишлатишимиз мумкин бўлган бу кунларда табиийки, бошқа катта учрашувлар ҳам бор. Англияда асримизнинг дастлабки ва кейинги декадасидаги энг совриндор клублар Манчестернинг ранги қанақа эканига яна жавоб қидиришса, Италияда сўнгги икки мавсум чемпионлари ўзаро тўқнаш келади.

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ МАДРИД (28 октябр, 19:15)

Албатта, бу учрашувни алоҳида анонс қилиш шарт эмасдек, зеро футбол мухлислари Испания чемпионати тақвими чиққан пайтдаёқ Эл-класико ўйини қачон бўлишини ахтаришга тушишади, бу ўйинга қараб кунни, ҳафтани режалаштиришади, ҳатто футболни фақат жаҳон чемпионатларида томоша қиладиганлар ҳам «Реал» ва «Барселона» тўқнашувига бефарқ бўлмайдилар. Тўғри, аввал Роналду, кейин Месси Ла Лигани тарк этгач, гўёки, ушбу ўйинлар мақоми пасайгандек, футбол маркази Англияга кўчгандек туюлди, аммо биз биламизки, бу учрашувнинг тарихий аҳамият ҳар қандай футбол юлдузидан устун туради ва вақт ўтгач, ўзининг бутунлай янгича чизгилари, бошқа қаҳрамонлари билан бўй кўрсатаверади.

Масалан, Жуд Беллинҳем Мадридда кутилганидан ҳам анча юқори даражада дебют қилди. Унинг кўрсаткичларини асосан рақибларнинг савияси билан боғлаётганлар Беллинҳемни энди Эл-класико фонида баҳолаш имконига эга бўладилар. Ямал, Фермин Лопес каби «Барселона»нинг янги юлдузлари учун ҳам бу илк ҳақиқий класико бўлади.

Фото: Getty Images 

Умуман олганда, Эл-класиконинг айнан шу кунларда бўлаётгани қайсидир маънода «Реал» фойдасига ишлашини тахмин қилиш мумкин. Чунки каталонияликларда жароҳатлар жуда кўп ва аксарият номлар асосий таркиб футболчиларидир. Кунде, Де Йонг, Рафинья, Левандовски, Педри, Сержио Роберто шулар жумласидан, бунинг устига, «Шахтёр»га қарши ЕЧЛ ўйинида Фелиш ҳам жароҳат туфайли майдонни тарк этгач, «Барселона» мухлисларининг хавотири янаям ошган бўлса керак. Аммо унинг жароҳати енгил бўлиб чиқди. Шунингдек, баъзи хабарларга кўра, Левандовски ва Рафинья ҳам Эл-Класикода қатнашиш учун бор имкониятни ишга солишмоқда экан. Полшалик ҳужумчи ҳатто илк дақиқалардан таркибдан жой олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Нима бўлгандаям, Хави ички имкониятлардан самарали фойдаланяпти, академия вакиллари керакли пайтда жамоа жонига оро киришмоқда. «Барселона» барча мусобақаларда ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган ягона испан жамоаси бўлиб турибди.

Шунингдек, «Барселона» яна икки кўрсаткич бўйича Испанияда тенгсиз – жамоа энг кўп (30) хавфли вазият яратган, ҳамда қуруқ ўйинлар сони (5) бўйича ҳам энг яхши кўрсаткич қайд этган. «Реал» эса сафар ўйинлари борасида Ла Лигада энг яхши бўлиб турибди.