Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Бошқаруви йиғилиши бўлиб бўлиб ўтди. Йиғилиш қарорига мувофиқ, мамлакатда хотин-қизларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг олдида турган муҳим мақсад ва вазифаларни самарали ташкил этиш мақсадида Қўмита ва унинг худудий бўлимлари қошида Ўзбекистон Ихтирочи аёллари уюшмаси ташкил этилди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Уюшма томонидан республика олима аёллари, докторант, мустақил изланувчи, иқтидорли талаба, ихтирочи, рационализатор, муҳандис, конструктор ва мутахассис хотин-қизларнинг имконият, қобилият, билим даражаси, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш асосида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, «Ўзбекистон аёлларининг 100 та инновацион лойиҳаси» I-Республика танловини ўтказиш режалаштирилмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида мазкур танловни ташкил этиш бўйича Қўмита ва Уюшма ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтади.
















