Бугун савдо нуқталарининг вазифаси маҳсулот сотиш билан чекланмаяпти. Айниқса, ёшлар орасида кичик дўкон, кафе ёки маркет харид билан бир қаторда учрашув, суҳбат ва мароқли вақт ўтказиш жойига айланмоқда. Coca-Cola’нинг Ўзбекистондаги “Келдик. Кетмадик” кампанияси ҳам ана шу ўзгараётган истеъмол одатига эътибор қаратмоқда. Лойиҳанинг муҳим жиҳати эса қайтариладиган шиша идиш орқали қадоқдан такрор фойдаланиш моделини тарғиб қилишдан иборат.

Дўкон, харидор, вақт: савдонинг ўзгараётган қоидалари
Тасаввур қилайлик: одам уйидан чиқиб, яқинидаги дўконга бирор ичимлик ёки кундалик маҳсулот олиш учун кирди. Харид бир неча дақиқа вақт олади. Аммо дўконда таниши учраб қолади. Суҳбат бошланади. Кейин яна бир одам қўшилади. Кимдир бирор ўйин таклиф қилади. Ёки шунчаки дўкон олдидаги стол атрофида суҳбат давом этади. Натижада харид учун кирилган жой учрашув маконига айланади.
Бу ҳолат янги эмас. Одамлар тарихан бозор, чойхона, маҳалла, кафе ёки кўча каби жойлардан савдодан ташқари мулоқот учун ҳам фойдаланган. Янгилик шундаки, бугунги савдо бизнеси ҳам мазкур эҳтиёжга тобора кўпроқ эътибор қаратяпти. Чунки одамларни объектга жалб қилиш учун маҳсулотнинг ўзи етарли бўлмаяпти. Харидорнинг дўконда қанча вақт қолиши, у ерда ўзини қандай ҳис қилиши ва бу жойни бошқаларга тавсия этиши ҳам бизнес учун аҳамиятли.
Coca-Cola’нинг “Келдик. Кетмадик” лойиҳаси шу нуқтада қизиқ. Компания шиша идишдаги маҳсулот сотиладиган маҳаллий савдо нуқталарида одамлар кўпроқ вақт ўтказиши учун махсус ҳудудлар ташкил этмоқда. Стол ўйинлари, суратга тушиш учун жойлар ва очиқ ҳавода суҳбатлашиш имконияти шулар жумласидан.


Нега одамлар бундай жойларга эҳтиёж сезмоқда?
Смартфон ва ижтимоий тармоқлар одамларни бир-бирига доимий равишда боғлаб тургандек кўринади. Аммо онлайн алоқа юзма-юз мулоқотнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Шу сабабли одамлар учрашадиган физик маконларнинг аҳамияти сақланиб қолмоқда.
Уй – шахсий ҳудуд. Иш ёки университет эса мажбуриятлар билан боғлиқ макон. Ресторан ёки кўнгилочар марказ махсус режа ва харажатни талаб қилиши мумкин. Дўкон ёки маҳалла яқинидаги кичик савдо нуқтаси бу борада қулайроқ имконият беради: у кундалик ҳаётнинг ўзида мавжуд. Яъни учрашиш учун алоҳида баҳона керак эмас. Шу нуқтадан қараганда, савдо нуқтасини кичик ижтимоий маконга айлантириш нафақат маркетинг усули, балки одамларнинг кундалик ҳаётидаги бўшлиқни тўлдиришга қаратилган ёндашув сифатида ҳам кўрилиши мумкин.



















