Жаҳон | 09:11 / 21.09.2017
18243
2 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбоев БМТда: «2100 йилга бориб Қирғизистондаги музликлардан асар ҳам қолмайди»

Фото: РИА «Новости»

Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилди. 

Атамбоев ўз нутқида Қирғизистонда 2040 йилгача бўлган даврни ўзида қамраб олган узоқ муддатли Миллий стратегия ишлаб чиқилганини айтиб ўтди.

Кейинги барқарор ривожланиш учун стратегик мақсадлар қуйидагилардан иборат:

- мамлакат иқтисодиётининг тезкор ривожлантирилиши, фуқароларни муносиб иш билан таъминлаш;

- аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий фаровонлиги таъминлаш;

- мамлакат фуқароларининг хавфсизлиги ва мақбул турмуш шароитларига эришиш;

- ривожланган парламентли демократия ва кучли фуқаролик жамияти яратиш.

А.Атамбоев минтақадаги сув муаммоларига ҳам сессия қатнашчилари эътиборини қаратди ва жумладан, шундай деди:

«Қирғизистондаги нафақат Марказий Осиёдаги, шунингдек, бутун жаҳон миқёсида ҳам чучук сув шаклланиши ҳудуди ҳисобланувчи музликларнинг шитоб билан эриб бораётгани ҳам бизни жуда ташвишлантирмоқда.

Прогнозларга кўра, 2025 йилга бориб Қирғизистон Республикасидаги музликларнинг умумий майдони 30–40 фоизга қисқаради, ўз-ўзидан Марказий Осиёнинг сув таъминоти ҳам 25–30 фоизга қисқариши мумкин.

2100 йилга бориб Қирғизистондаги музликлар бутунлай йўқ бўлиб кетади. Шу сабабли мамлакатимиз музликларни асраб қолиш борасидаги қўшма лойиҳаларни тўлиқ ёқлайди».

Атамбоев ўз чиқишида, шунингдек, Қирғизистон Республикаси БМТ Хавфсизлик кенгашини такомиллаштириш борасида зарур чораларни ёқлашини билдириб ўтди. 
 

Мавзуга оид