Ўзбекистон | 07:47 / 21.09.2017
16964
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки президентини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди. 

Давлатимиз раҳбари Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик шериги эканини алоҳида таъкидлади. 

Мазкур банк ва мамлакатимиз молия муассасалари ўртасида амалий мулоқотлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 

Ўтган йили қабул қилинган 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат бўлиб, шундан 3 миллиард доллари Жаҳон банки кредитларидир. 

Учрашувда мамлакатимизда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилингани, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. 

Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди. 

Президентимиз ушбу ислоҳотларни амалга оширишда Жаҳон банкининг улкан тажрибаси қўл келиши, Ўзбекистон банк билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. 

Мамлакатимизда самарали микромолиялаш тизимини жорий этиш, ирригация-дренаж ва йўл-транспорт инфратузилмаларини модернизация қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 

Жаҳон банки президенти Ўзбекистонда банк-молия тизимини такомиллаштириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар бизнес ривожига хизмат қилишини таъкидлади. 

Мулоқотда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

Мавзуга оид