Ўзбекистон | 10:25 / 21.09.2017
11711
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари 2,6 млрд долларлик келишувларни имзолашди

Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари 20 сентябрь куни Нью Йоркда бўлиб ўтган Ўзбек-Америка бизнес форуми якунида умумий қиймати 2,6 млрд долларлик ҳужжатлар тўпламини имзолашди. Бизнес форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Инвестициялар давлат қўмитаси ва Ўзбек-Америка савдо палатаси томонидан ташкил этилган анжуманда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Улар орасида General Electric, Honeywell, ExxonMobil, CNH Industrial, John Deere, Coca-Cola, Boeing, Caterpillar, Citi Group, Visa каби компаниялар раҳбарларини учратиш мумкин эди. 

Форум шўъбаларидаги музокараларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда саноат, инфратузилма, туризм, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинди. 

Америкалик иштирокчилар Ўзбекистонда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, мамлакатимизда ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар. 

Бизнес форум иштирокчилари томонларни қизиқтирган аниқ инвестиция ва савдо лойиҳаларини муҳокама қилдилар, уларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни белгилаб олдилар. 

Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами, жумладан, General Electric ва Honeywell корпорациялари билан нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида, CNH Industrial, John Deere ва Caterpillar компаниялари билан машинасозлик соҳасида, OSI Systems ва Lutron компаниялари билан электротехника соҳасида, Boeing компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. 

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

Мавзуга оид