Фан-техника | 18:50 / 23.09.2017
22404
2 дақиқада ўқилади

Табиий офат пайтида омон қолишга ёрдам берувчи капсула ўйлаб топилди (фото)

Фото: survival-capsule.com

Сиэтллик ихтирочилар махсус капсулани ўйлаб топишди, унинг ёрдамида турли табиий офатлар пайтида омон қолиш мумкин. Капсуланинг ичида 10 киши беш кун давомида қолиш имкониятига эга.

Конструкция авиация алюминийсидан тайёрланган бўлиб, капсуланинг ўзи сув киришидан ҳимояланган. Ишланма ўз ичидаги одамларни турли табиий офатлар, исталган буюмлар орқали берилган зарбалар, баландликдан қулашдан ҳимоя қилишга мўлжалланган. Survival Capsule фирмаси асосчиларининг айтишича, агарда тезлик билан эвакуация амалга оширилмаган бўлса, капсулалар ўз эгаларини зилзила, довул, тўфон, цунамидан ҳимоя қила олади. У ҳеч қачон чўкиб кетмайди ҳамда доимо сув юзасида қолади.

Скотт Хилл ва Жулиан Шарпга бундай қурилмани яратиш ғояси Ҳинд океанида 13 йил аввал юз берган ва минглаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган цунамидан сўнг келган. Муҳандислар турли ҳажмдаги қурилманинг бешта моделини ишлаб чиқишди. Унинг ичига герметик люкни очган ҳолда кириш мумкин. Кабинада ўриндиқлар, шунингдек, ичимлик суви ва озиқ-овқат захираси бор. Мижозларнинг хоҳишига кўра ичкарига махсус камарлар, ҳожатхона, қуёшли панеллар, ёритиш ускуналари ва мусиқа қурилмаларини ўрнатиш мумкин. Конструкция ичида доимий оптимал ҳарорат сақлаб турилади.

 

 Фото: survival-capsule.com

Мавзуга оид