Англия премьер-лигаснинг 7-турида мавсумнинг энг марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Унда Гвардиола ва Конте ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди.
Ўйин олдидан
«Бу «Сити»ни тўхтатиб қолиш мумкинми? — Англиянинг марказий нашрлари АПЛнинг энг марказий учрашуви олдидан энг кўп ишлатган сарлавҳа айнан шундай кўриниш олганди. Англиядаги биринчи мавсумни янги муҳитга мослашиш учун сарфлаб юборган ва натижада барча совринларни қурбон қилган Гвардиола янги мавсумда чемпионлик учун энг асосий даъвогар эканини исботлаб келмоқда. Оддий статистик мисол «Сити» АПЛдаги сўнгги уч урашувни жами 16:0 ҳисобида, барча мусобақаларидаги сўнгги 6 учрашувни эса 24:1 ҳисобидаги тўплар нисбати билан ғалаба қозонганди. Бу исталган мухлис-у мутахассиснинг эътиборини тортиши табиий эди.
«Манчестер Сити» ўтган йилни ҳам худди шундай бошлаганди», деб, «Сити»нинг бўлажак ўйинларида пасайиш юзага келишига ишонган Контеда балки бунга асос ҳам бўлгандир. Чунки «Челси» ҳам яхши спорт формасига кириб олганди. Жамоа ва ниҳоят ўзига мос янги «Дрогба», янги «тўққизлик» ҳужумчи — Альваро Моратани топганди. Испан ҳужумчиси янги жамоага келиб қўшилганидан буён киритилган деярли барча голларда бевосита иштирок этишга улгурди. Таркиб ҳам анча ўзига келиб олганди Азар аста-секин формага кириб бормоқда, биргина Давид Луиз дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юбориши керак эди. «Манчестер Сити»да бу борада йўқотишлар анча жиддий эди. Дунёнинг энг қиммат ҳимоячиси Менди апрелга қадар сафдан чиққан бўлса, Агуэро Нидерландиядаги авария сабаб жамоага ёрдам бера олмайди. Жамоа сардори Венсан Компани эса деярли бир ойдан майдонга тушмаётганди.
Конте ғояси
Давид Луиз сафда йўқлиги натижасида Конте орқа чизиқда сезиларли ўзгаришлар қилишига тўғри келди. Ҳимоя маркази Кэйҳилл, Рюдигер, Кристенсен учлигига ишонилди. Латерал ролини Аспиликуэта ва Маркос Алонсо эгаллади, керак вақтда Фабрегас кўпроқ ҳимояга ёрдамчи вазифасини бажарди.
Контенинг асосий мақсади майдон марказидаги устунликни бериб қўймасликдан иборат эди. Шу мақсадда Бакайоко ва Фабрегас ўртага жойлаштирилди, аммо рақиб услубидан келиб чиқиб улар анча чуқур, ҳимояга жуда яқин ўйнашди. Жамоанинг ўтган йилги чемпионлигидаги асосий қурол Нголо Канте салкам чап қанот вингери вазифасида кўпроқ кўриниш берди. Албатта вақти-вақти билан Сеск ва Канте жой алмашиб туришди (1-расм), аммо вазифа ўзгармаганди — «Сити»га марказ бўйлаб ўткир паслар беришга имкони бермаслик.

Бу ўринда асосий чекланиши керак бўлган объект Жон Стоунз ва Фернандиньо ўртасидаги марказ бўйлаб бошланажак ҳужумларни чеклашдан иборат эди. Мората ўйиндан чиқиб кетгунига қадар Азар билан бажарган бирламчи вазифаси (2-расм) айнан шу иш билан шуғулланиш эди.
























