Ўзбекистон | 18:14 / 01.10.2017
8428
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамасининг​ Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозими жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қарор эълон қилинди.

Унга кўра, вакил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонунлар ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини тайёрлашда ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, уларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида кўриб чиқиш, келишиш ва ахборот бериш жараёнларида иштирок этиши белгиланган.

Шунингдек, у Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида қонунлар лойиҳалари, бошқа масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида қонун лойиҳаларини (қонунларни) кўриб чиқишда иштирок этадиган Ҳукумат вакиллари таркибини шакллантиришда иштирок этади.

Янги тайинланадиган вакил Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари, қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг келишилган нуқтаи назарини ифода этади. Бир сўз билан айтганда, ваколат вакил ҳокимиятнинг икки устуни ўртасидаги мустаҳкам кўприк бўлишини кутишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир вакилни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ваколатига эга. Унинг фаолияти Бош вазир раҳбарлигида амалга оширилади, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштирилади.

Мавзуга оид