АҚШнинг Ню-Йорк Жанубий округи прокуратураси бир неча шахсга терроризмни молиялаштириш ва дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан АҚШ ҳудудида буюртма қотилликларни амалга ошириш мақсадида тил бириктириш бўйича айбловлар қўйди. Бу ҳақда 15 сентябр куни АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Америка томонига кўра, айбланувчилар Россия махсус хизматлари манфаати йўлида фаолият юритган ва RIS Network деб аталувчи халқаро тармоқ билан боғлиқ бўлган.

Айблов хулосасида қайд этилишича, тармоқ аъзолари АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги шахсларга муайян объектлар ва одамлар ҳақида дастлабки маълумот тўплаш, шунингдек, нишонга олинган шахсларни ўлдириш учун пул тўлаган. Бундан ташқари, уларнинг шерикларига Украинага ёрдам кўрсатаётган ёки Киев тарафдори деб ҳисобланган Европа мамлакатларида фуқаролик ва ҳарбий инфратузилма объектларига ҳужумлар уюштириш вазифаси берилгани иддао қилинмоқда.

Мазкур иш бўйича терговда АҚШ Федерал тергов бюроси — ФТБ ҳам иштирок этган.

АҚШ бош прокурорининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жон Айзенбергнинг билдиришича, гумонланувчилар АҚШ фуқаролари ва хорижликларни Россия раҳбарияти топшириғи асосида қотилликлар содир этиш учун ёллашга уринган.

ABC News телеканали АҚШ бош прокурори Тодд Бланшга таяниб хабар беришича, эълон қилинган айбловлар орасида Вашингтон шаҳрида бўлиши мумкин деб ҳисобланган россиялик диссидентни ўлдиришга уриниш билан боғлиқ эпизод ҳам мавжуд.

АҚШ Адлия вазирлиги RIS Networkʼни Россия давлат аппаратининг хорижда ҳужумлар, жумладан қотилликларни ташкил этиш билан шуғулланувчи тармоғи сифатида тавсифламоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, тармоқ аввал Россиядан чиққан диссидентлар ва махсус хизматларни тарк этган шахсларга эътибор қаратган, кейинчалик эса Украина иттифоқчилари ҳисобланган давлатларни ҳам нишонга ола бошлаган.

Айбланувчилар кимлар?

АҚШ расмийларига кўра, айбланувчилардан уч нафари RIS Network тармоғида юқори лавозимларни эгаллаган.

Улардан бири — «Полковник Юрий» лақаби билан танилган Юрий Храмеев. АҚШ прокуратураси уни Россия махсус хизматларининг собиқ полковниги деб кўрсатмоқда. Айбловга кўра, Храмеев россиялик диссидентларни ўлдириш учун ижрочиларни жалб қилиш жараёнида қатнашган.