Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан туриб, барчани таълим билан таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашадиган маърифат ва диний бағрикенглик борасида махсус ҳужжат қабул қилишни айтиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси Усмонхон Алимов 4 октябрь куни Халқаро Пресс-клубда бу борада ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
"Дарҳақиқат, динимизда олимнинг обиддан афзаллиги тўғрисида жуда кўп кўрсатмалар мавжуд. Ҳазрати пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг бир ҳадиси шарифларида бу борада шундай деганлар:
"Ким илм талаб қилиш йўлига буюрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёзадилар. Олимга осмондаги мавжудотлар, ердаги мавжудотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан юқори фазлга эга бўлганидек бўлади. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар илмни мерос қолдирганлар. Кимки илм олса, улуғ насибани олибди, демакдир", - дейди Усмонхон Алимов.
Шунингдек диний идора раиси Президент виртуал қабулхонасининг очилиши халқимиз, айниқса мўмин-мусулмонларнинг муаммо ва масалаларнинг ечимини топишга жуда катта ёрдам бериб келаётганини қайд этди.
Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар қайта кўриб чиқилганига эътибор қаратди.
"Диний эътиқодда адашиб, нотўғри йўлга кириб қолганларни афв этиш ишлари жадаллашиб кетди. Экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш учун амалий ишлар қилинди. Бу борада диний идора бошчилигида барча имом-хатиблар жамоатчилик билан биргаликда жойлардаги экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган шахсларнинг эътиқодларини тўғирлашга эришишди.
Сўнгги йилларда терроризм таҳдиди кучайиб бораётгани, унга нисбатан куч ишлатиб курашиш ўзини оқламагани боис муҳатарам Президентимизнинг "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш" шиори остида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олмоқда.
Самарқандда Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот халқаро марказининг ташкил этилиши ва Тошкент шаҳридаги ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши шу мақсадларга йўналтирилган", - дейди Усмонхон Алимов.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилгани таъкидланди.















