Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини ва халқаро шартномаларини тўлиқ рўёбга чиқариш, бирор-бир шаклда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни келтириб чиқарадиган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймасликка доир чора-тадбирларни кучайтириш, шунингдек мазкур соҳадаги ишлар ҳолати ва олиб борилаётган ишлар тўғрисида кенг жаҳон ҳамжамияти эътиборига ишончли ахборот етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И :

1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, бирор-бир жазо қўлланиши билан таҳдид қилиб, шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси сифатида иш бажаришга мажбурлаш тақиқланишини белгилашдан иборат фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланганлиги қайд этилсин.

2. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйганлиги учун шахсан жавобгар эканликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.

3. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан бирор-бир шаклда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг ва халқаро шартномаларининг нормалари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати чораларини кучайтириш зарур, деб ҳисоблансин.

4. Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси (С.Б.Артикова), Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (Т.К.Нарбаева) билан ҳамкорликда:

  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга, шу жумладан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймасликка доир Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, шунингдек 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастурида назарда тутилган чора-тадбирлар сўзсиз бажарилишини ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар мажмуини қабул қилсин;
  • давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек жисмоний шахслар томонидан фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаслиги устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатсин;
  • Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида парламент ва жамоатчилик назоратининг барча шаклларидан фойдалансин;