Яқинда жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган терма жамомиз ҳақида гап бўлганида, табиийки, Самвел Бабаяннинг исми тилга олинади. Бабаян бўлмаганида мана бундай бўларди, Бабаян бўлмаганда, мана шундай бўларди, деб кўп гапириларди. Тўғри, бошқа мураббий билан терма жамоаси бошқа натижаларни қайд этиш эҳтимоли бор эди, лекин доим муаммонинг илдизини исмлар билан боғлаб, кўп нарсага эриша олмаймиз.

Илгари, Миржалол Қосимов, кейин ҳадеб Бабаян номини тилга олинавериши, гўёки барча муамммоларимизни ана шу шахсларга боғлайди ва терма жамоамиз мутасаддиларининг ишини осонлаштиради – энди улар мана шу исмни терма жамоа бошқарувидан олиб ташлаш орқали, муаммоларни ҳал қилгандек, ўтираверадилар. Кейинги циклнинг дастлабки икки йили эски мураббийни истеъфога чиқариб, катта иш қилингандек, охирги икки йил эса, янги бош мураббийнинг вазифани уддалашга ҳали имконияти борлигини пеш қилиш билан ўтиб кетаверади. Кейинги тўрт йил яна шунақа.

Бу ҳолатнинг юзага келишида, асосий сабаб шундаки, биз барчасини сабабларга қараб эмас, оқибатларга қараб хулосалаймиз. Мухлислар ва балки журналистлар учун бу тўғри, шунақа бўлиши керак, аммо терма жамоа иш жараёнини ташкил этувчи федерация ҳам фақат натижаларга боғланиб қолса, бу нотўғри.

Фото: Getty Images

Агар Корея терма жамоаси дарвозасига охирги дақиқаларда гол урганимизда, биз жаҳон чемпионатида бўлардик ва шудгорни зўр ҳайдаган бўлиб чиқаверардик. Хўш, қайси шудгорни ва қандай қилиб зўр ҳайдаган бўлар эдик? Олдинги муваффақиятсиз циклларимиздан фарқли тарзда нималарни бошқача қилувдик ўзи? Яъни, келаси сафар яна бир марта жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш кераклигини билиб олган бўлармидик? Йўқ. Ҳаммаси худди илгаригидек, ҳеч нарса ўзгармаган. Фақат Инилеев ўрнига Қосимов, Қосимов ўрнига Абрамов, Абрамов ўрнига Бабаян — фақат терма жамоа бошқарувидаги исмлар ўзгаряпти холос. Фақат шу факторни ўзгартириб, бошқачароқ натижа кутар эканмиз, гўёки бутун умидимизни фақат шу исмларга тиккан бўлиб қоламиз холос. Бу ҳам нотўғри.

Биз аввало, биз деганда футбол федерациясини назарда тутяпман, терма жамоа мураббийининг исмини эмас, «терма жамоа мураббийи» деган тушунчанинг моҳиятини ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз лозим. Терма жамоа мураббийига қўйиладиган талаб, унинг масъулияти, у учун яратилган шароит ва унга бўлган муносабат бутунлай бошқача шаклда бўлиши шарт.  Масалан:

Терма жамоага мураббий қандай шартнома асосида ва қайси давргача ишлайди?
Бу ҳақида маълумотларни эшитмаганмиз. Аслида терма жамоага мураббийлар тайинланмайдилар, таклиф асосида маълум муддат учун белгиланган шартнома асосида ишлайдилар. Абрамов бир пайтлар терма жамоада қайси муддатгача шартнома тузганини, умуман шартномаси бор йўқлигини билмаслигини айтганди. Менимча, Бабаянда ҳам худи шундай ҳолат бўлган. Бу тренерлар ишлаб турган клубларидан «юлиб» олиниб, терма жамоага тайинланган бўлсалар ҳам, келишувнинг ҳуқуқий шакли ҳақида ҳеч гап бўлмаган.