Октябрь ойининг бошланиши ёмғирли ва изғиринли кунларга тўғри келди. Ёмғир ҳам ёғишга улгурди. Доимо талабалар ва бюджет соҳаси ходимларининг кучига ишонган фермерларимиз аросатда. Шунча ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олишнинг ўзи бугуннинг энг долзарб масаласи бўлиб турибди.

Эшитяпмиз, ёзишаяпти, корхона ва ташкилотлар пахта йиғим теримига мажбурланаяпти, ходимлар ва хизматчилар оиласи бағридан юлиниб, ўн кунлаб ётоққа жўнатиляпти. Ёки ўрнига мардикор ёллашмоқда. Бундай йўл билан меҳнат унумдорлигига асло эришиб бўлмайди. Шундай одамлар сидқидилдан, юраги ёниб, пахта теришадими? Асло!

Фуқароларимизга вазиятни чиройли тушунтирайлик, уларни мажбурламайлик. Чунки мажбурлаш билан ҳеч қачон кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Буни ҳар бир фуқаромиз ҳам, ҳануз советча ишлаш сиёсатини қўллаётган айрим раҳбарларимиз ҳам тушуниб етишлари керак. Зеро, меҳнатни янгича ташкил этиш, янгича ёндашув даври келди.

Таҳририятимизга Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Шуҳрат Юсуповдан ажиб бир мурожаат келиб қолди.

«Ассалому алайкум KUN.UZ сайтининг жонкуяр ва фидоий ходимлари! Сизлар юртимиздаги ижобий ўзгаришларга юксак баҳо ва камчиликларга танқидий қарашлар билан халқимизнинг кўнглидан жой олиб келиб қолмоқдасизлар. Ана шундай беминнат хизматларингизни қадрлаган ҳолда Сизларга бир таклиф билан мурожаат қилмоқдамиз.

Ҳозирги вақтда пахта йиғим терим мавсумида айрим фуқаролар томонидан пахта теримига чиқишда сансалорликка йўл қўйиш ёки номигагина қатнашиш (кўзбўямачилик), кун ўтса бўлди, «нима пахта меникими, пахта давлатники, давлат ишчилари орқали териб оладида», деган қўпол тушунчалар баъзан учраб туради. Бу эса жуда ачинарли ҳолат. Чунки пахта бу миллий бойлигимиз, юртимиз иқтисодиёти, уни ривожланиши учун муҳим хомашё ҳисобланади. Шу юрт фарзандиман деган ҳар бир шахс юрт келажаги, унинг равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиши, ватанпарварлик ва фидоийлик намуналарини кўрсатиши, бу ишларга бефарқ бўлмаслиги ва ушбу вазифаларни муқаддас бурч сифатида қабул қилиши шарт деб ўйлаймиз.

Шу мақсадда миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мўл ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ишларига Қўқон шаҳрида жойлашган «AROBA TAXI» жамоаси аъзолари ҳам ўз ҳиссамизни қўшиш учун пахта далаларига чиқиб, пахта тердик. Агар юртимизнинг ҳар бир фарзанди «Фуқаролар давлатнинг асосини ташкил қилади, давлат эса ўз навбатида фуқаролардан ташкил топади, бири иккинчисисиз мавжуд булмайди. Уларни ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар боғлаб туради. Давлатим менга барча ҳуқуқ ва эркинликларимни амалга ошириш ва улардан фойдаланиш учун чексиз имкониятлар яратди, тинчлигимни сақлаш борасида ўз олдида турган мажбуриятларини аъло даражада бажариб қўймоқда. Мен-чи? Мен эса давлатга нима бердим, тайёр етиштирилган оддийгина пахтани термасам нима деган одам бўламан, давлат олдида турган мажбуриятимга, бурчимга хиёнат қилган бўламан. Шундай экан, мавсумда пахта ҳосилини ўз хоҳишим билан, чин юракдан териб жонбозлик кўрсатаман, пахта ҳосили нес-нобуд бўлишига йўл қўймайман»