Ўзбекистон | 08:33 / 31.08.2025
59534
2 дақиқада ўқилади

Пахта терими учун «тавсиявий» нарх белгиланди

Вазирлик кластер ва фермерлар теримчи билан келишиб, мустақил нарх белгилаши ҳам мумкинлигини қайд этган.

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «пахта терими учун 1 килограммига 1 800 сўм тўланиши» ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Унга кўра, жорий йилда пахта терими нархлари қуйидагича белгиланди:

  • Машина ёрдамида терилган пахтанинг 1 килограмми учун – 1 373 сўм;
  • Қўл меҳнати билан терилган пахтанинг 1 килограмми учун – 2 000 сўм тавсиявий нарх белгиланган бўлиб, терим вақтида кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув асосида терим нархи мустақил белгилаш амалиёти ҳам қўлланади;
  • Шунингдек, пахта етиштириш харажатларини қоплаш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан 1 килограмм пахта учун 1 000 сўм субсидия ажратилади.

Ушбу тартиб пахта етиштирувчилар манфаатини ҳимоя қилиш, теримчилар меҳнатини рағбатлантириш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашга қаратилган.

«Шу боис, ижтимоий тармоқларда тарқатилган “1 кг – 1 800 сўм” ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди ва расмий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган.

Қайд этиш керакки, пахта терими нархлари жамоатчиликка фақат расмий манбалар орқали етказилади. Турли тахминлар ва текширилмаган хабарлар жамиятни чалғитиши билан бирга, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлардан ахборот тарқатишда холисликка амал қилиш, жамоатчиликни чалғитувчи нотўғри маълумотларни тарқатмаслик сўралади»,  дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил кузида қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун 2500 сўмдан ҳақ тўланиши маълум қилинганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид