Биринчи универсал дўкон Bon Marche 1852 йил Францияда очилган. Кейинроқ, 1859 йилда дунёдаги биринчи A&P (Atlantic & Pacific) универсал дўконлар тармоғи ташкил этилган. Супермаркетлар ХХ асрнинг 30-йилларида пайдо бўлган, биринчи гипермаркет - Carrefour эса Францияда 1963 йилда ишга тушган. Интернет-савдо даври эса 1995 йилда Amazon.com билан бирга бошланган. Омманинг универсал дўконлардан онлайн-cавдога ўтишига эса 143 йил вақт керак бўлди. .
Сўнгги тренд – бу интернет-савдонинг ривожланиши. Ўзбек Алиэкспресс ёки Амазони «мақом»ини эгаллаш учун кундан-кунга янги ўйинчилар майдонга чиқмоқда. Бундан ташқари, кўплаб тадбиркорлар ихтисослаштирилган интернет-дўконлар ёки ижтимоий тармоқлар орқали ўз маҳсулотларини таклиф қилиб, онлайн-савдога ўтмоқда. Ҳукумат электрон тижорат билан шуғулланувчи компаниялар учун савдо қонунидаги кўплаб чекловларни олиб ташлаган ҳолда мазкур тренднинг ривожланишига имкон бермоқда.

Нима учун савдо тизими шиддат билан онлайн секторга ўтмоқда? Асосий сабаб шундаки, сиз потенциал харидорлар мавжуд бўлган ерда савдо қилишингиз зарур. Замонавий ҳаётда эса инсонларнинг кўп қисми интернет билан доимо алоқада. Масалан, сиз эркаклар учун товарларни сотаётган бўлсангиз, Facebook тармоғи орқали Тошкентда яшаётган қарийб 500 мингга яқин эркак харидорларни топишингиз мумкин. Тахминан 450,000 сўм эвазига сиз ўз маҳсулотингиз рекламасини улардан 50 мингтасига кўрсатиш имконига эга бўласиз.
Бундан ташқари, интернет савдо учун қандайдир жой талаб этилмайди. Савдо нуқталарини жойлашувида муаммо туғилмайди, товар ассортиментлар кенглиги ҳам чекланмайди.
Жаҳон тенденциялари шуни кўрсатмоқдаки, яна 5 йилдан сўнг мамлакатимиз фуқаролари савдонинг катта қисмини интернет орқали амалга оширишади. Бу ажабланарли эмас: ҳар доим турли компаниялар томонидан тақдим этилаётган зарур товарларни таққослаш ҳамда уларнинг ичидан энг сифатлисини ва албатта, ҳамёнбопини танлаш имкони мавжуд бўлади. Бундан ташқари, харидор керакли маҳсулотларни Жаҳон тармоқлари орқали сотиб олаётганда қимматбаҳо вақти ва кучини анчайин кам сарфлайди.
Интернетда савдо қилишнинг яна бир афзал жиҳати шундаки, бу нафақат ўз шаҳрингиздаги дўконларда, балки узоқ масофадаги – бошқа нуқтадаги, ҳаттоки, хориж мамлакатлардаги дўконларда шопинг қилиш имконини беради. Шу билан бирга, бунинг учун ҳеч қаерга бориш шарт ҳам эмас, шунчаки харидни аниқлаб, етказиб бериш хизмати орқали буюртма бериш мумкин.














