Қаҳрамонимиз асли ўзбек, Тошкент шаҳрида туғилиб ўсган Сардор Муҳаммадалиев тақдир тақозоси билан ўз фаолиятини бошқа давлатларда давом эттирмоқда. Бугунги кунда у Amazon ва Alibaba йўналишидаги ZoodMall (www.zoodel.com) электрон тижорат компаниясининг бош директори лавозимида фаолият юритади.

ZoodMall - Ипак йўли мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон,  Қирғизистон, Тожикистон, Озарбойжон, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Туркия, Арманистон, Грузия, Мўғулистон, Покистон, Туркманистон, Уммон, Ливан, Сурия, Хитой, Ҳиндистон) ва Россия Федерациясида фаолият юритувчи компаниялар савдосини енгиллаштирувчи етакчи B2B (Business to business) онлайн-савдо майдони.

KUN.UZ мухбири Олмаота шаҳрига сафари чоғида ватандошимиз билан учрашиб, у билан электрон коммерция, Ўзбекистон ва унда рўй бераётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашди.

"Мен бутун ҳаётим давомида етакчи халқаро компанияларда ишлаб келмоқдаман. Албатта, барчаси Тошкентда банк соҳасидан  бошланган. Қозоғистонга кўчиб ўтганимдан сўнг Procter&Gamble, Samsung Electronics, Huawei Technologics каби компанияларда ишладим. Procter&Gamble’да - МДҲ мамлакатлари бўйича market-planner, Samsung Electronics'да МДҲ мамлакатлари бўйича мобил сегментга жавобгар эдим, ундан кейин ишлаган Huawei Technologics'нинг истеъмолчилар сегменти бўйича Қозоғистон ва Қирғизистон учун масъул бўлдим. Ҳозир эса интернет-бизнесдаман. Нима учун? Чунки бугунги кунда электрон коммерция шиддат билан ўсиб бормоқда ва у жуда катта салоҳиятга эга.

ZoodMall

ZoodMall'да бошқа электрон савдо майдонларига нисбатан ўзига хос ноёб имкониятлар мавжуд, чунки биз бошқалар таклиф қилмайдиган қатор хизматларни тақдим этамиз.

  1. Порталимиз 6 тилда, кўп тилли портал;
  2. 15 та давлатдан мингдан ортиқ кундалик янги тендерлар;
  3. 2 мингдан зиёд логистик компанияларга чиқиш ва улардан энг ҳамёнбоп нархларга эришиш имконияти.