Кун давомида кўзларимизга катта юк тушади. Кўриш қобилиятини узоқ йиллар давомида сақлаб қолиш учун улар ҳақида қайғуришимиз керак бўлади. "Лайфхакер" мавзуга доир маслаҳатлари билан бўлишди.
1. Кўз машқларини бажаринг
Компьютер экрани қаршисида кўп вақт ўтказсангиз, иш куни ўртасида кўзларнинг чарчаши ва уларнинг қуришини сезган бўлсангиз керак - ахир, мониторга тикилиш давомида биз кўзларимизни икки баробар кам пирпиратамиз.
Монитор кўз даражасидан бироз пастроқда, тахминан 60 сантиметр узоқликда жойлашган бўлиш керак. Экрандаги нур кўзларда акс этмаслиги учун ҳимоя қопламасидан фойдаланинг.
Ҳар 20 дақиқа кўз машқларини бажаринг. Бунинг учун 20 сония давомида компьютердан тахминан 6 метр узоқликда жойлашган бирор предметга тикилиб қараб туринг.
2. Доим қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг
Ультрафиолет нурлар нафақат тери, балки кўзлар учун ҳам зиёндир. У катарактадан то саратон касаллигигача келтириб чиқариши мумкин.
Кўзларни ультрафиолет нурларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ёки махсус линза тақиш керак. Ҳатто булутли кунда ҳам кўзойнак тақишни унутманг, зеро қор, сув, қум ва асфальт ультрафиолет нурларни акс эттиради.
3. Ҳимояловчи кўзойнакдан фойдаланинг
Кўзларга нафақат ишлаб чиқариш корхоналарида, балки уйда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатларда шикаст етказиш мумкин. Кўзларга майда заррачалар тушиши ёки кимёвий элементлар таъсиридан ҳимоялаш учун кўзойнакдан фойдаланинг. Спорт билан шуғулланиш учун, масалан, сузиш, чанғида учиш ёки баскетбол билан шуғулланиш давомида ҳам ҳимояловчи кўзойнакдан фойдаланган маъқул. У кўзга шикаст етишининг олдини олишга ёрдам беради.
Ҳимояловчи кўзойнак линзалари поликарбонатдан тайёрланган бўлиши керак. Поликарбонат бошқа материалларга нисбатан 10 карра юқори зарбга чидамли бўлади.
4. Рационингизга юрак ва кўз учун фойдали маҳсулотлардан қўшинг
Қон айланишини яхшиловчи маҳсулотлар сизни соғлом юрак ва ўткир кўзлар билан таъминлайди. Қатор маҳсулотлар орасидан цитрус мевалар, кўкатлар ва дон маҳсулотлари ҳам шундайлар сирасига киради. Цинк миқдори юқори бўлган маҳсулотлар: ловия, нўхат, ёнғоқлар, устрицалар, ёғсиз қизил гўшт ёки парранда гўшти ҳам ультрафиолетдан зарар етишининг олдини олишда ёрдам беради.







