Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари расмий сайти хабар берди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Мамлакатда миллий генофондни мустаҳкамлаш, ёш авлодни етук кадрлар этиб тарбиялаш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. 2017 йил 16 август куни бўлиб ўтган йиғилишда таълим тизимини ривожлантиришнинг кўплаб йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, мактабгача таълим тизимини таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилиш, мазкур муассасаларга болаларни тўла қамраб олиш бўйича муҳим вазифалар қўйилган эди.
Президентнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.
Янги вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди.
Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Ҳаётимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия тизими ҳақида гапирганда, Абдулла Авлоний бобомизнинг доно фикрларини такрор ва такрор айтишга тўғри келади: таълим-тарбия – биз учун ҳаёт-мамот масаласидир, деди президент. Қайси соҳани олмайлик, биз замонавий етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирон-бир ўзгаришга, фаровон ҳаётга эриша олмаймиз. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади.
Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.







