Спорт | 11:20 / 20.10.2017
11674
2 дақиқада ўқилади

Рамос, Пике ва Бускетс Испания терма жамоасини тарк этиш билан таҳдид қилмоқда

Ҳимоячилар Серхио Рамос, Жерар Пике ва яримҳимоячи Серхио Бускетс Испания терма жамоасини тарк этиши мумкин.

Агар мамлакат футбол федерацияси раҳбари Хуан Луис Ларреа терма жамоа директори Мария Кларамунтни истеъфога чиқарадиган бўлса, футболчилар "қизил фурия" либосини бошқа киймаслигини маълум қилган.

Marca хабарига кўра, ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган Лихтенштейнга қарши ўйиндан олдин Ларреа ўз қарори ҳақида футболчиларни хабардор қилган. Шундан сўнг, Пике, Рамос ва Бускетс бундан норози бўлиб, агар барчанинг ҳурматига сазовор бўлган Кларамунт хоним ишдан бўшатилса, терма жамоани тарк этиш билан таҳдид қилган.

Бу гаплардан сўнг Ларреа билан футболчилар орасига совуқлик тушган. Унга терма жамоа кийиниш хонасига кириш тақиқланган. Ўз навбатида Ларреа Испаниянинг ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритгани, шунингдек Бускетсни терма жамоа сафида 100-ўйинни ўтказгани билан табрикламаган.

Пайшанба куни Ларреа ўз сўзига содиқ қолган ҳолда, Кларамунтни истеъфога чиқарган. Футболчиларнинг бунга муносабати ҳозирча маълум эмас.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид