Таҳририятимизга келган хатлар орасидан иккитаси эътиборимизни жалб қилди. Инсонлар шахсий муаммоси эмас, қишлоғи, яшаб турган маскани, умуман, бирга яшаётган қишлоқдошларининг аҳволи ўнгланиши сўраб мурожаат қилишган. Улардан бири Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан бўлса, иккинчиси Навоий вилояти Хатирчи туманидан келган.

Умид қиламизки, тумандаги мутасаддилар ушбу хатларда кўрсатилган муаммоларни ҳал қилишади.

«Мен Бахтиёр Тўраев, Қашқадарё вилояти Нишон туманида «Нишон» ҚФЙ, «Янги ҳаёт» маҳалласида яшайман. KUN.UZ сайтини мунтазам кузатиб бораман. Жамиятимиздаги ўзгаришлар, ечимини топмаган масалалар, ҳуқуқларнинг поймол бўлаётгани, уларни очиқ-ойдин кўрсатиб беришларингиз диққатга сазовор бўлмоқда.

Маҳалламиз ташкил топганига 25 йил бўлди. Деярли ҳаммаси янги рўзғор. Энди-и, ўзбекмиз худога шукр, ҳаммамизда 2-3 нафардан, камида бир мактабга чиқадиган фарзанд бор. Маҳалламизда 200дан ошиқ хўжалик истиқомат қилади. Бу дегани ўртача 500 бола мактабга боришини билдиради. Лекин мана, кузнинг қуёшли кунлари ўтиб бормоқда, яқинлашаётган қиш ва баҳорнинг ёғин-сочинли кунларида мактабга боролмасдан қийналишади. Борадигани ҳам бир соат олдин чиқиш керак, ўшанда кечикмай боради. Чунки қишнинг эрталабки қоронғусида соат 7 яримда маҳалладан чиқишдаги 150 метрча ботқоқ ва лой йўлдан чиқишга 15–20 дақиқа вақти кетади, агар йиқилмаса! Лойда сирпаниб йиқилса — ортга қайтиш керак.

Бу маҳалланинг ёнида туман ЙПХ пости бор ва бегона, ҳужжати йуқ ёки ортиқча муаммони хоҳламаган ҳайдовчилар юк машинасида бизнинг кўчадан айланма йул сифатида фойдаланиб, ўтиб кетишади. Энди тасаввур қилинг: тинимсиз юк машина лой йўлдан юрса нима бўлишини! Камига асосий катта йўлдан ёш болалар ўтишига қўрқади кўпинча ота-оналари ўтказиб қўяди.

Автомашиналар худди аэродромда босгандек тез ўтади. Буни ҳам илтимос қилгандик: битта қанақадир «болалар» белгисими, «пиёдалар» белгисими, зебрами қилиб беринглар, деб. Биз неча марта маҳаллий ҳокимликдан ёрдам сўраб оғзаки илтимос қилганмиз, аммо доимгидек ваъда «келгуси йил қиламиз».

Февраль ойида президентимиздан ёрдам сўраб порталга хат ёздик, раҳмат улар тезда жавоб қайтаришди. Шунда барчамизни туман ҳокимлигига чақиришди, муаммо билан танишишди ва ёзма равишда жавоб қайтаришди: «ёзда 1 км йўлни режага киритиб, иккита кўча қора асфальт қилиб берамиз» деб. Биз ҳар замонда сўраб телефонлашиб турдик ва ҳамон телефонлашмоқдамиз. Йул қурадиган қурувчи бир-икки танишлардан сўрасам, «ҳали молиялаштирилмаган», дейишди, лекин туман 2017 йилга 6 км йул қурилиш учун пул ажратилган деганди, бизда йўл ҳам, йўл белгиси ҳам ваъда билан эмас амалда қурилишига ёрдам беринг илтимос».