Нега охирги пайтда жаҳон нашрларида Сомали Республикасида (Сомалия) аҳолининг ҳалок бўлиши ва экстермистик ҳаракатлар ҳақида кўп хабарлар пайдо бўлмоқда? Парижда икки кишининг вафот этиши бутун дунёга яшин тезлигида шум хабар сифатида етказилса, Сомалияда вафот этаётган юзлаб фуқаролар оддий ҳолдек тасвирланади. Бунинг сабаби нимада?
Сомалияда ижтимоий вазият танг аҳволда қолмоқда
Сомали Республикаси Адан қўлтиғи орқали Яман, шимол-ғарбда Жибути, жануби-ғарбда эса Эфиопия Республикаси билан чегарадош. Шунингдек, Сомалияда Ҳинд океанига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бор. Умумий 637,657 кв.км майдоннинг 3,025 кв.км чизиғи денгиз қирғоғига тўғри келади. Мамлакатда 15 миллион киши истиқомат қилсада, уларнинг бор-йўғи 37 фоизигина урбан (шаҳарлашган) ҳудудларда яшайди. Сомалия халқи асосан сунний мазҳабига эътиқод қилиб, 85 фоиз аҳоли сомали туб-этник гуруҳига мансуб. Банту ва арабларга мансуб аҳоли араб тилида сўзлашади. Шундан келиб чиқиб, мамлакатда иккита тил расман тан олинган.

Демографик кўрсаткич ачинарли даражада инқироз кўчасига кириб қолган. Энг аввало, бундай вазиятни аҳолининг 26 фоизини аёллар ташкил этишида кўриш мумкин. Бошқа Африка мамлакатларида ҳам аҳолининг саводхонлик даражаси дунёнинг айрим ривожланаётган давлатларидан орқада бўлса, Сомалияда бу кўрсаткич Африка бўйича ҳам ёмон натижани беради. Яъни, аҳолининг 37,8 фоизи ўқиш ва ёзишни билади. Шунинг баробарида аёлларнинг 25,8 фоизи саводхонлик даражасига эга. Бугунги кунда мамлакатда юз бераётган хунрезликларнинг қисқа омилларидан бири - аҳолининг саводхонлик даражаси пастлиги, ишсизлик ва бирламчи товарларнинг етишмаслиги деб эътироф этиш мумкин.
Бунинг устига, давлатда турли юқумли, жумладан малария, тифоид шамоллаш, шитосомиазис, протозоал, бактерияли диарея, гепатит А ва Е каби касалликлар кенг тарқалган. БССТ (Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) ташкилоти маълумотига кўра, 5 ёшдан кичик болаларнинг 37 фоизи номутаносиб вазн шароитида улғаймоқда.
Сомалия уруш кўчасига қандай кириб қолди?

Аввало, Сомали Республикасини қандай тасаввур этишни келишиб олиш зарур. У сиз ўйлагандан кўра чигал ҳолатда қолган. 1960 йилгача дунёнинг қудратли давлатлари мустамлакаси бўлиб келган Италия Сомалиси ва Британия Сомалиленд ҳудудлари ягона ва мустақил Сомали Республикасига бирлашди. Унинг биринчи президенти Абдуллоҳ Усмон Даар собиқ Совет иттифоқи билан яқин муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида мамлакатда социализм қурилишини эълон қилади. Кейинги мамлакат раҳбари Сияд Барри ҳокимиятни ҳарбий тўнтариш натижасида қўлга киритиб, тез орада қўшни мамлакатга чегара даъвоси билан уруш эълон қилади. Эфиопиянинг Огаден вилоятини босиб олиш режаси советларга ёқмади, бунда Эфиопиянинг СССР билан иттифоқчи бўлгани ҳам қўл келиб, шўролар эфиопиялик ҳарбийларга хайрихоҳлик билдира бошлади.













