Ўзбекистон | 18:10 / 06.11.2017
12995
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролар нотариус қабулига аввалдан ёзилиши мумкин

Бугун, 6 ноябрь куни Адлия вазирлигида “Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш: нотариал соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

Тадбирда қайд этилганидек, нотариал идораларга мурожаат қилувчилар сони кундан кунга ортиб бораётганини инобатга олиб, вазирлик томонидан нотариал ҳаракатлар турлари бўйича таҳлил қилинган ҳамда давлат ташкилотлари ва идоралар томонидан ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхалари талаб қилинишини чекловчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу қарорнинг тасдиқланиши нотариал идоралардаги навбат кутиш ҳолатлари 30-40 фоизга камайишига ва нотариал хизмат кўрсатиш тезкорлиги ошишига хизмат қилади.

“Эндиликда солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергия бўйича қарздорлик йўқлиги, бино ва иншоотларнинг тегишлилиги ҳақидаги маълумотларни фуқаролар томонидан қоғоз кўринишида йиғиш амалиётига чек қўйилди. Бунинг ўрнига эса ушбу маълумотларни нотариуслар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали аниқ вақт режимида мустақил олиши белгиланди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали нотариус қабулига олдиндан ёзилиш учун янги мурожаат қилиш механизмидан фойдаланиши мумкин. Бу эса нотариал идораларда узоқ навбатларнинг ҳосил бўлишини олдини олади”, дея қайд этди Адлия вазирлиги вакили Дониёр Ёқубов матбуот анжуманида. 

Мазкур механизм ёрдамида фуқаролар амалга оширмоқчи бўлган нотариал ҳаракатлар бўйича ўзлари учун қулай вақтни ва нотариал идорани танлаган ҳолда нотариус қабулига олдиндан ёзилиш имконига эга бўлади.

Шу билан бирга, йил якунига қадар нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тизим орқали қабул қилиш механизми жорий этилади.

Анжуман давомида вазирлик ва ҳудудий адлия органлари томонидан нотариал идоралар ходимларининг фаолияти давомида меҳнат интизоми ва касб этикаси қоидаларига риоя этиши аҳволи, шунингдек улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини ўрганиб бориш юзасидан ўтказиладиган жамоатчилик назорати тадбирлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.

Мавзуга оид