АҚШда, айниқса Кремний водийсида кўпчилик фастингга қизиқиб қолган, уни яна интервал очлик деб ҳам аташади. IT-компаниялар раҳбарлари ва уларнинг ходимлари вақти-вақти билан бир неча кунга овқатдан воз кечиб, ишдаги самарадорликнинг янги босқичига чиқиш ва ҳатто умрни узайтириш мумкин, деб ҳисоблашади. Интервал очлик нима ўзи ва унинг қандайдир илмий асоси борми, зарарли томонлари йўқми - "Медуза" нашри шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

"Ўз устида ишлашга доир янги тренд"

2017 йилнинг кузида Ғарб ОАВ Кремний водийсида очликнинг IT-компаниялар раҳбарлари ва уларнинг ходимлари орасида тобора оммалашиб бораётгани ҳақида фаол ёза бошлашди. Бу ҳақида 2015 йилдан бери Калифорнияда яшовчи ва ишловчи Luka ва Replika стартаплари асосчиси Евгения Куйда Россиянинг Tatler журналига берган интервьюсида сўзлаб берди.

"Менинг медитация бўйича мураббийим, психотерапевтим, серф бўйича шахсий мураббийим ва спортзалда ишловчи мураббийим бор. Мен фастинг билан шуғулланаман, эрталабдан асаи-боул (соғлом турмуш тарафдорлари орасида машҳур таом) ейман", - дейди у.

Куйданинг айтишича, Сан-Францискода "барча интермиттент-фастинг"га, яъни интервал очликка (муайян вақт одатдагидек овқатланиб, муайян вақт эса овқатдан тийилишга) қизиқиб қолган. Куйданинг  сўзларига кўра, унинг барча танишларида қанча вақт овқатдан тийилишни ҳисоблайдиган Zero иловаси бор. The Guardian газетаси ҳам буни тасдиқламоқда: нашрнинг ёзишича, фастинг  медитация ва майндфулнессдан кейин "ўз устида ишлаш бўйича янги трендга айланди".

Фото: instagram.com/popflex_active

Очликни оммалаштирувчилар

Очлик — янги тажриба эмас; егуликлардан тийилиш анъанаси кўп динларда мавжуд. XX асрда муқобил тиббиёт адепти Пол Брэгг очлик тажрибасини оммалаштирди, унинг "Очлик мўъжизаси" китоби ҳатто СССРда ҳам нашрдан чиққан. Шуниси эътиборга лойиқки, Брэгг тиббий билимга эга бўлмаган, унинг ўзи ҳақида гапирган кўп гаплари эса ҳақиқатдан йироқ бўлиб чиққан: хусусан, у ўз ёшини 14 ёшга ошириб айтган (қанчалик ёш кўринишини айтиб мақтаниш учун) - ёки икки марта Олимпия ўйинларида иштирок этганини таъкидлаган. Брэгг унинг маслаҳатларига қулоқ тутиб, 120 ёшгача яшаш мумкин, деб ҳисоблаган, бироқ ўзи 81 ёшда миокард инфаркти натижасида ҳаётдан кўз юмган.