17 ноябрь куни нолинчи йилларнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири бўлган Пол Скоулз 43 ёшни қаршилади.  Эътиборингизга, футбол оламидаги унинг жамоадошлари, рақиблари ва мураббийларнинг у ҳақидаги фикрларини ҳавола қиламиз.

Хаби АЛОНСО: Испаниялик мухлислар уни жуда юқори баҳолайдилар, мен учун эса у ҳақиқий намуна. У сўнгги 15-20 йилда мен кўрган энг яхши ярим ҳимоячидир.

Димитар БЕРБАТОВ: Дунёда ҳеч ким Пол Скоулзнинг ҳаракатларини такрорлай олмайди. У майдоннинг исталган нуқтасига аниқ пас ошира олади ва ўйинни ҳам назорат қилади.

Жорж БЕСТ: Бу бола ўйнашни билар экан.

Лоран БЛАН: Мендан ким сўраса айтаман: «Скоулз - энг яхши инглиз футболчиси». Мен «Манчестер Юнайтед»да унинг нималарга қодирлигини кўрганман ва фақат ҳайрон қолганман.

Эдгар ДАВИДС: Биз ҳаммамиз худди Скоулз каби мукаммал футболчи бўлишни орзу қиламиз холос.

Сеск ФАБРЕГАС: У мен интиладиган даражадаги футболчи, Премьер Лиганинг энг яхши ўйинчиси.

Алекс ФЕРГЮСОН: Мен қаерга борсам, Скоулзнинг ўйинидан ҳайратланишларини яширишмайди. Аммо агар уни қўлга киритишни ҳам ўйлашса, бекорга вақт йўқотишларини билишлари керак. У бу ерда барча босқичларни босиб ўтган буюк ўйинчилардан биридир.

Луиш ФИГУ: Мен доим Скоулзни кузатганимда, уни тўхтатиб бўлмаслигини ҳис қиламан. Майдонда уни ушлаб бўлмайди, майдон ташқарисида эса, умуман кўрмайсиз.

Хосеп ГВАРДИОЛА: У ўз даврининг энг яхши ярим ҳимоячиси бўлиб қолаверади. Мен у билан бирга ўйнашни жуда истагандим.

Эйдур ГУДЬОНСЕН: У мен билган энг мукаммал футболчилардан бири. Ҳар доим унинг қаршисида қолганимда, унга тенглаша олмаслигимни ҳис қилиб турардим.

Тьери АНРИ: Мен нега Скоулзнинг ҳали ҳам «Энг яхши ўйинчи» бўлмаганига тушунмайман. Аллақачон уни эътироф этишлари керак эди. Балки бошқа юлдузлар каби, ҳаммани ўзига қаратишни истамагани учун шундайдир.