Спорт | 14:30 / 29.11.2017
29390
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кубоги финалига ҳам мухлислар мажбурлаб олиб кирилиши кутилмоқда

Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» стадионида аншлаг бўлиши кутилмоқда.

Tribuna.Uz манбаси берган хабарга кўра, учрашувга мухлислар мажбурлаб олиб кирилиши режалаштирилган. Финал учрашувини томоша қилиш учун ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа ташриф буюриши кутилмоқда. Шу мақсадда ЎФФ фахрий меҳмон қаршисида бўш стадион бўлмаслиги учун турли йўллар билан бўлсада аренани мухлислар билан тўлдиришни режалаштирган.

Қизиқ томони, учрашувни томоша қилиш учун Олий лиганинг ҳар бир клубига ўзи жойлашган ҳудуддан 500 нафардан мухлис олиб келиш вазифаси юклатилган. Финалда Тошкентнинг икки жамоаси «Локомотив» ва «Бунёдкор» тўп суришига қарамасдан, бошқа клубларнинг мухлислари ҳам стадионида бўлиши лозимлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ «Барселона» собиқ футболчиси Карлес Пуйол Тошкентга ташриф буюриб «Пахтакор» ва «Олмалиқ» учрашувини стадиондан кузатиб борганди. Ўша учрашувга ҳам Тошкентдаги олий ўқув юртлари ва коллеж талабалари мажбуран олиб кирилганди. Ҳозирча Ўзбекистон кубоги финалида ҳам талабалар мажбуран олиб кирилиши ёки олиб кирилмаслиги борасида маълумотлар йўқ.

Маълумот учун, Ўзбекистон кубоги финали 4 декабрь куни душанба куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув 15:00да бошланади.

Мавзуга оид