DW хабарига кўра, Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин 23 сентябр куни Telegram орқали ҳужум оқибатлари ҳақида маълум қилган.

Жароҳатланганлар орасида 2021 йилда туғилган бола бор. Филашкин аввалги хабарида вайроналар остида қолгани айтилаётган икки бола 2024 ва 2025 йилларда туғилганини билдирган.

Александровкага тўртта авиабомба ташланган

Вилоят раҳбарининг маълумотига кўра, Россия кучлари маҳаллий вақт билан соат 10:00 атрофида Краматорск туманидаги Александровкага тўртта авиабомба ташлаган.

Зарбалар оқибатида 12 та кўп квартирали уй, 42 та хусусий уй, маъмурий бино, болалар боғчаси, дўкон ва еттита автомобиль шикастланган. Филашкин эълон қилган суратларда зарар кўрган беш қаватли уй ҳамда ҳодиса жойидаги ёнғинлар акс этган.

Донецк вилояти полицияси маълумотига кўра, ҳужумда парвозни режалаш ва йўналишни тузатиш модули билан жиҳозланган ФАБ-250 авиабомбаларидан фойдаланилган.

Филашкин вилоятда қолаётган аҳолини эвакуацияни кечиктирмасликка чақирган.

«Болаларингизни асранг. Уларни хавфсизроқ ҳудудларга олиб чиқинг», — деб ёзган у.

Хабар эълон қилинган пайтда Александровкада қидирув-қутқарув ишлари давом этаётган бўлган.

Краматорскда тўққиз киши жароҳатланди

Донецк вилояти полицияси Россия кучлари Краматорскка кассетали ўқ-дорилар билан ҳам зарба берганини маълум қилган. Ҳужум соат 11:45 да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, «Ураган» реактив залп ўт очиш тизими қўлланилган.

Зарба оқибатида тўққиз киши — тўрт аёл ва беш эркак жароҳатланган. Полиция жабрланганларнинг ёши 46 дан 74 гача эканини билдирган.

Аёллардан бири оғир аҳволда бўлиб, унинг шахси аниқланаётгани айтилган. Жабрланганларда портлашдан олинган жароҳатлар, синиқ парчаларидан яраланиш ва суяк синишлари қайд этилган. Саккизта хусусий уй ҳам шикастланган.

Суми ва Киевга ҳам зарбалар берилди