Ўзбекистон | 10:40 / 01.12.2017
7333
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга ёш сайёҳларни жалб этиш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Тўқима ҳикоя мисолида

Ўзбекистонлик таниқли блогер, айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган Нодир Зокиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича ўз мулоҳазаларини пост сифатида тақдим этди. Бир тўқима саёҳатнома мисолида энг муҳим омилга эътибор қаратган блогер мобил иловалардан самарали фойдаланиш самаралари ҳақида фикр билдирган.

«Якшанба куни қаҳвахонада ўтириб, А мамлакатига саёҳат қилишни режалаштирдик. Шундай қилиб, Orbitz иловаси орқали авиачипта сотиб олдик, бирданига бир нечта шаҳарда тунаш учун Airbnb иловаси орқали жойларни банд қилиш имкони бор.

Интернетда кўрсатилган веб-сайт орқали (темирйўл кассасида паспорт ҳужжатини тақдим этмай) темирйўл қатнови учун чипта харид қилдик. Аэропортдан чиқишимиз билан Uber иловаси орқали буюртма қилинган такси бизни кутиб олди.

Шаҳар марказида жойлашган, Airbnb платформаси орқали банд қилинган барча қулайликларга эга уйга ўрнашдик. Ҳеч кимга паспортни кўрсатиш, ошиқча рўйхатлардан ўтишнинг кераги ҳам йўқ. Худди шахсий уйимга келгандек, ўзимни енгил ҳис этдим.

Бироздан сўнг, кўча айланишга отландик. Бу сафар бизга TripAdvisor иловаси ёрдам беради, у барча диққатга сазовор жой ва музейларни, жумладан ушбу бинога рюкзак билан кириш мумкин эмаслигини ҳам билади. Бунинг устига тўлов ва иш вақти аниқ кўрсатилган.

Тушлик вақти бўлгач, Yelp иловаси яқин атрофда жойлашган сифатли ва ширин таомларни тайёрлаб берадиган тамаддихонани кўрсатиб юборди. Ресторанга етиб боргунча, ошпазлар биз танлаган овқатни тайёрлашга уринганди. Бутун шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда Google Maps навигацияси асқотди.

Кечки сайр учун Enterprise Rent-A-Car орқали машина ижарага олдик. Маҳаллий тилни яхши тушунмаганим учун Translate Google орқали мулоқот қилавердим.

Саёҳатимиз ва кўрганларимизни ижтимоий тармоқдаги саҳифамга #VisitUzbekistan ҳештеги билан жойлаб бордим. Айтганча, ҳеч ким бирор ҳудудда суратга тушишни тақиқламади. Милиция жилмайиб биз билан суратга тушишга рози бўлди!.

Агар эътибор қилган бўлсангиз, бу тўқима ҳикояда яққол ажралиб турган омил - мобил иловалар! Агар биз шу пайтгача европалик кекса сайёҳларни (йилдан-йилга камайиб бораётган) мамлакатга жалб этиш устида бош қотирган бўлсак, эндиликда машина сотиб олиш, уй-жой учун жамғарма йиғмайдиган, тасодифий ва арзон саёҳатларни севгувчи ёшларни ҳам ўлкамизга ром этишни ўйлаш керак.

Ўзбекистонда туризм секторини ривожлантириш устида ишлаётган барча масъул амалдорлар ёш европаликлар ҳақида билиши лозим бўлган муҳим омиллар шулардан иборат», дея ёзган муаллиф.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон интернет тезлиги ва электрон хизмат турлари бўйича дунё давлатлари орасида энг қуйи поғоналардан бирини эгаллайди.

Мавзуга оид