Жаҳон | 00:08 / 05.12.2017
54940
10 дақиқада ўқилади

Яманда 245 киши ўлдирилди, жумладан, собиқ президент ҳам: У ерда нималар бўлаяпти?

Фото: Reuters

Яманнинг собиқ президенти Али Абдулла Солиҳ душанба куни мамлакат пойтахти Сана шаҳрида қўзғолончи ҳусийчиларнинг ҳужуми натижасида ўлдирилган. Сиёсатчининг ўлими ҳақида Al Arabiya канали Солиҳ бошқариб келган Умумхалқ конгресси партияси вакилига асосланиб, хабар тарқатган.

Қўзғолончи ҳусийчилар (шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати) назорати остида бўлиб турган ички ишлар вазирлиги ҳам ушбу хабарни тасдиқлади, дейди Al Jazeera телеканали.

Фото: Fars News

Яманнинг Aden Al-Ghad портали мамлакатнинг собиқ раҳбарига ўхшаш кишининг мурдаси суратини намойиш этган. Суратда Солиҳга ўхшаган кишининг бошидан жароҳат олган жасади тасвирланган. Нашрга кўра, у ҳусийчиларга таслим бўлгач, ўлдирилган бўлиши мумкин.

Фото: Fars News

Эроннинг Fars агентлиги эса, ўз навбатида, Яманнинг собиқ раҳбари жасади тасвирланган видеоёзувни эълон қилди. Видео агентликнинг Twitter’ига жойланган. Видеоёзувдан кўринишича, қўзғалончи ҳусийчилар автомобиль кузовига Солиҳга ўхшаш инсоннинг жонсиз танасини ортиб олиб кетишмоқда. Эркакнинг кийимлари қонга бўялган, у адёлга ўралган.

Фото: Fars News

Умумхалқ конгресси партиясидаги манба собиқ президент мамлакат пойтахти Сананинг жанубий-шарқида жойлашган Санҳон деган жойда ўлдирилганини айтиб ўтган. У ерда собиқ президентнинг қароргоҳи бўлиб, бу жой Reuters агентлиги бугун эрталаб ҳусийчилар томонидан портлатилгани хабар қилинган эди. Бироқ, манба Солиҳ портлаш натижасида эмас, снайпер ўқидан ҳалок бўлганини айтмоқда. Портлаш вақтида Солиҳ айнан қаерда бўлгани хусусида бирор бир аниқ маълумот берилмаяпти.

Бу орада Al Mayadin телеканали Яман пойтахтидаги мухбири томонидан етказилган маълумотларга асосланиб, Солиҳнинг қароргоҳи портлатилмаганини хабар берди.

Тўқнашув қурбонлари

Қўзғолончи ҳусийчилар (шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати) ва Яманнинг собиқ президенти Али Абдулла Солиҳ тарафдорлари ўртасидаги йирик калибрли пулемётлар, миномётлар ва гранатамётлар воситасидаги тўқнашувлар Яман пойтахти Санада 29 ноябрдан буён давом этиб келмоқда. Душанба куни ҳусийчилар собиқ президент Али Абдулла Солиҳ томонидан уларга нисбатан қуролли ҳужум уюштирилганидан сўнг Яман пойтахтини ўз назоратларига олишганини эълон қилишди.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг маълумотларига кўра, Яман пойтахтида рўй берган олти кунлик тўқнашувлар натижасида камида 125 киши ўлдирилган, яна 238 киши ярадор бўлган.

Sky News Arabia телеканали эса илгарироқ камида 245 ўлдирилгани ҳақида хабар берган. «Биз ярадорларга ёрдам беришда қийналаётган Сананинг асосий шифохоналарига ёрдам қўлини чўзмоқдамиз», — дея Қизил хоч қўмитаси расмий вакили Иоланда Жакменинг сўзларини келтирмоқда Reuters агентлиги. Жакме хоним ташкилот шифохоналарни электр энергияси билан таъминловчи генераторлар учун ёқилғи етказишни уддалайди, деган ишончда.

Қарама-қаршилик тарихи

Яманнинг собиқ президенти якшанба куни ҳусийчиларни халққа қарши жиноятларда айблаб, улар билан иттифоқчилик муносабатларига якун ясалишини эълон қилган. Бунга жавобан «Ансоруллоҳ» етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий Солиҳнинг хатти-ҳаракатларини «ўйланмаган ва шубҳали» деб атаган.

Араб коалицияси республиканинг собиқ раҳбарини қўллаб-қувватлаган ва «Эронга ён босувчи милиция (ҳусийчилар) нинг зулмига қарши бош кўтарган Яман халқи билан бирдам эканлиги»ни эълон қилган. 2014 йилнинг августидан буён мамлакатда жаҳон ҳамжамияти томонидан легитим деб тан олинган Яман ҳукумати ва ҳусийчиларнинг қўзғалончи гуруҳлари ҳамда бу гуруҳларни қўллаб турган Солиҳнинг тарафдорлари бўлмиш қуролли кучлар ўртасида зиддият давом этиб келмоқда.

Айни пайтда берилаётган хабарларга кўра, ҳусийчилар мамлакат пойтахтини тарк этиб, шимол томон йўл олишган.

БМТ танаффус сўрамоқда

БМТнинг Ямандаги инсонпарварлик масалаларини йўлга қўйиш бошқармаси вакили Жейми Макголдрик зиддиятлашаётган томонлардан фуқароларга ва ярадорларга ёрдам кўрсатиш учун 5 декабрь куни жангларни бир неча соатга тўхтатиб туришни сўраган.

«Мен зиддиятда қатнашаётган барча томонларни 5 декабрь куни соат 10:00 дан 16:00 га қадар инсонпарварлик сукути сақлашга чақираман. Тинч аҳоли ўз уйларини тарк этиши, ёрдам ва ҳимояга эга бўлиши, инсонпарварлик ёрдами кўрсатувчи ташкилотларнинг инсонлар ҳаётини қутқариш билан боғлиқ ишларини амалга ошириш учун ҳаракатланишига имкон берилиши сўрайман», — деган Макголдрик, «ярадорларга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилишига изн берилиши керак»лигини таъкидлаб.

Солиҳнинг таржимаи ҳоли

Али Абдулла Солиҳ 1942 йилнинг 21 мартида Шимолий Ямандаги Байт-ул-Аҳмар қишлоғида таваллуд топади. У унчалик бой бўлмаган, шиаларнинг зайдчилар тирагига ихлос қилувчи оилада дунёга келади. Туғилгани ҳамоно отасидан айрилади.

1950 йилда Дамарадаги исломий мактабга ўқишга киради. 1958 йилда мамлакат қуролли кучлари сафига қабул қилинади, зирҳли танк қўшинлари ўқув юрти қошидаги унтер-зобитлик курсларини тамомлайди.

Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ Шимолий Яманда илдиз отаётган мухолифат ҳаракатига қўшилади, сўнгра 1962 йил сентябрдаги инқилобда иштирок этади. Инқилоб натижасида монархия қулатилади ва Яман Араб Республикаси эълон қилинади. Шундан сўнг мамлакатда фуқаролар уруши бошланади ва 8 йил давом этади. 1967 йил декабрида Солиҳ подшоҳ тарафдорлари томонидан қуршаб олинган Сананинг мудофаасида иштирок этади.

Фото: ТАСС

1970-йилларнинг ўрталарига келиб у полковник унвонига эришади ва бригада устидан қўмондонлик қила бошлайди. 1974 йилда Солиҳ давлат тўнтаришида иштирок этади ва мамлакат рулига полковник Иброҳим ал-Ҳамдий келишига кўмаклашади. 1977 йилги навбатдаги давлат тўнтариши чоғида Ҳамдий ўлдирилади. Мамлакатни полковник Аҳмад ал-Ғашмий идора қила бошлайди. У Солиҳни Тоиз провинциясига губернатор этиб тайинлайди. 1978 йил июнида Солиҳ муваққат президентлик кенгаши аъзоси, ЯАР қуролли кучлари бош қўмондони ўринбосари, бош штаб раҳбари этиб тайинланади.

1978 йил 17 июлда Халқ йиғини (парламент) Али Абдулла Солиҳни ЯАР президенти этиб сайлайди. Уни ёқлаб 96 депутатдан 76 нафари овоз беради. Ҳокимиятга келгач, у давлат тўнтаришининг олдини олади ва буни уюштирган 30 зобитни қатл эттиради. 1983 йил майда ва 1988 йил июлда у 5 йил муддатга мамлакат президенти этиб сайланади.

1982 йил августида у кейинчалик мамлакатда етакчи партияга айланган Умумхалқ конгресси бош котиби, сўнгра УХК раиси этиб тайинланади.

1990 йилнинг майида Яман Араб Республикаси 1967 йили тузилган Яман Халқ Демократик Республикаси билан бирлашгач, Яман Республикаси деб атала бошлайди. Солиҳ Президентлик кенгаши раиси этиб сайланади. 1994 йил октябрида мамлакат парламенти Солиҳни Яман Республикаси президенти этиб сайлайди. 1999 йилда у илк умумхалқ сайловида 96 фоиз овоз жамғариб ғолиб чиқади, 2001 йилда эса президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш бўйича конституцияга ўзгартириш киритишга эришади. 2005 йилда Солиҳ янги президентлик сайловида иштирок этмаслигини эълон қилади, бироқ 2006 йилда яна сайловда қатнашиб, 77,17 фоиз овоз жамғаради.

2011 йилнинг январида араб баҳори воқеалари фонида Санада ҳам халқ намойишлари бошланади: намойишчилар Солиҳнинг истеъфосини талаб қилиб чиқишади. Бунга жавобан президент конституцияга ўзгартиришлар киритмаслик ва ўз ўғли — президент гвардияси ҳамда мамлакат махсус хизмати раҳбари Аҳмад ҳам 2013 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигига ваъда беради. Бир вақтнинг ўзида у даромад солиқларини камайтириб, ҳукуматга нархларни назоратга олишни буюради. Бироқ, 2011 йил март ойида ўрталарида намойиш шундай характер касб этдики, ҳукумат намойишчиларга қарата ўқ узишга мажбур бўлади: 46 киши ҳалок бўлади, бир неча юз киши яраланади. Бунинг ортидан Солиҳ мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этади ва қўзғолончилар томонга ўтиб кетишидан чўчиб, ҳукуматни ҳам тарқатиб юборди.

2011 йил майида Ямандаги вазият кескинлашди ва пойтахт Санада армия ва қуролланган мухолифат ўртасида тўқнашувлар келиб чиқа бошлади. 3 июнь куни мухолифатчилар Санадаги президент қароргоҳига ракета зарбаси беришди, бунинг натижасида Солиҳ ярадор бўлди ва даволаниш учун Саудия Арабистонига йўл олди. 23 сентябрда у ватанига қайтди.

Шу йил 23 ноябрь куни Ар-Риёдда Али Абдулла Солиҳ ва мухолифат вакиллари мамлакатдаги ҳокимиятни топшириш ҳақида битим имзолашди. 2012 йил 21 январда Яманда қабул қилинган қонунга кўра, Солиҳ ва унинг оиласига суд таъқибидан иммунитет берилди. 22 январь куни у Яманни тарк этиб, Уммонга йўл олди, ундан сўнг АҚШга. 2012 йил 24 февралда у Яманга қайтди. 27 февралда Абдураббу Мансур Ҳодийнинг президентлик лавозимига киришиши билан, Солиҳ расман президентлик ваколатидан воз кечди.

2014 йилнинг августида Яманнинг бир қатор ҳудудларида ҳусийчилар (шиаларнинг ҳарбийлашган гуруҳи) томонидан уюштирилган ҳукуматнинг нефть маҳсулотларига субсидияларни бекор қилиш ва бунинг ортидан бензин нархининг кескин ўсишига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди. 2014 йил сентябрь ойи ўрталарига келиб, улар Сананинг бир қатор даҳаларини, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишди. Солиҳ ҳусийчилар билан келишув тузиб, Яманнинг амалдаги ҳокимиятига қарши кампанияни бошлади. 2014 йилнинг 8 ноябрида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Али Абдулла Солиҳ ҳамда шиаларнинг «Ансоруллоҳ» қўзғалончи ҳаракати икки етакчисига нисбатан «мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётгани, сиёсий жараёнларга халақит бераётгани» туфайли санкция жорий этди. Уларнинг активлари музлатиб қўйилди, шунингдек, уларга мамлакатни тарк этиши тақиқланди.

Шу йил ноябри охирида Солиҳ тарафдорлари ва ҳусийчилар ўртасида зиддият юзага келди. Декабрь ойи бошида Солиҳ ҳусийчиларни аксилхалқ ҳаракатларда айблаб, улар билан иттифоқчилик муносабатларини бас қилишини маълум қилди. Бунга жавобан ҳусийчилар унга суиқасд уюштириб, ўлдиришганини эълон қилишди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери