Жаҳон | 03:29 / 04.04.2025
4937
2 дақиқада ўқилади

Пентагонда ҳусийларга ҳужум Signal чатида муҳокама қилингани юзасидан тергов бошланди

Қуролли кучлар бўйича қўмитанинг икки сенатори Пентагон бош инспекторидан махфий маълумотлар мессенжерда муҳокама қилингани бўйича суриштирув олиб боришни сўраган.

Фото: Arlington Tours

Пентагон бош инспектори вазифасини бажарувчи Стивен Стеббинс мудофаа вазири Пит Ҳегсет бошқа амалдорлар билан Ямандаги ҳусийларга зарбалар берилишини Signal мессенжеридаги чатда муҳокама қилгани юзасидан тергов бошланганини эълон қилди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Стеббинснинг баёнотида айтилишича, «тегишли текширув» қонун чиқарувчилар томонидан тергов ўтказиш тўғрисидаги сўровга жавобан бошланган. Олдинроқ бош инспектор вазифасини бажарувчига содир бўлган ҳолат бўйича «факт ва вазиятни» ўрганишни сўраб, Қуролли кучлар бўйича қўмитанинг икки сенатори — республикачи Рожер Уикер ва демократ Жек Рид мурожаат қилганди.

Bloombergʼнинг қайд этишича, одатда сенаторларнинг мактублари зудлик билан тергов бошланишига сабаб бўлади. Аммо Доналд Трамп январ ойида президентлик лавозимига киришганидан кейин Стеббинсдаги олдинги инспектор Роберт Сторчни бир нечта бошқа инспекторлар билан бирга лавозимдан олганди.

The Atlantic бош муҳаррири Жеффри Голдберг 14 март куни Трамп маъмуриятининг юқори мартабали амалдорлари Ямандаги ҳусийларга зарбаларни муҳокама қилган махфий чатга қўшиб қўйилганини маълум қилган эди. Signal мессенжеридаги чат иштирокчилари орасида вице-президент Жей Ди Вэнс ва Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет ҳам бўлган.

Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц маълумотлар сизиб кетиши бўйича масъулиятни ўз зиммасига олган — чатни ўзи очганини эълон қилган. Чатга қўшилиш таклифи Голдбергга Уолц номидан келган.

АҚШдаги миллий хавфсизлик ва разведка шарҳловчилари, экспертлар давлат махфий ҳарбий режаларининг бундай тижорий чатларда муҳокама қилинишини жиддий танқид остига олган. Уларнинг наздида бу операцион хавфсизликнинг мисли кўрилмаган бузилиши. Ҳарбий операциялар Signal орқали муҳокама қилингани Шпионаж тўғрисидаги қонунга ва давлат ҳужжатларини сақлаш тартибига ҳам зид бўлиши мумкин. Чунки расмийлар фақат ҳимояланган, махсус давлат каналлари орқали мулоқот қилиши шарт эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид