Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори чиқди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Ўзбекистон Бадиий академиясининг устави 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Ўзбекистон Бадиий академияси:

бир ой муддатда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги галереялари тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

икки ой муддатда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимига кирувчи ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларини қайта кўриб чиқсин ва улар қонун ҳужжатлари талабларига мослаштирилишини таъминлайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.В.Нуридинов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.
                                                                                       Ўзбекистон Бадиий академиясининг уставига кўра, Бадиий академия тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш, академик бадиий таълимнинг изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга ваколатли бўлган давлат муассасаси ҳисобланади.

Бадиий академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Бадиий академия юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Бадиий академия таркибида: Бадиий академиянинг марказий аппарати; Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими; Бадиий кўргазмалар дирекцияси; Халқаро маданият карвон саройи; Тошкент фотосуратлар уйи; Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи; “Санъат” журнали; Қурилиш дирекцияси; “Хамар” халқаро алоқалар маркази; Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари; Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги галереялари; Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти; П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежи; Республика дизайн коллежи; Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежи; Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати; Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари фаолият олиб боради.