Ўзбекистон | 16:50 / 05.12.2017
19203
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бундан буён ҳам Афғонистондаги жараёнларда иштирок этади - Президент

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилган музокаралар якунида маълум қилди.

"Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиш мумкин эмас. Бу ўлкада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир", дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш, музокаралар орқали умуммиллий ярашувга эришиш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтган.

"Қўшни Афғонистондаги тинчлик Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил ривожланиш истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун имкон яратади.

Ўзбекистон бундан буён ҳам қўшни Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклаш, унинг транспорт ва энергетик инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларини тайёрлаш жараёнларида фаол иштирок этади", деган президент.

Музокаралар якунига кўра, Қўшма баёнот, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид 20 та ҳужжат имзоланди ва муҳим келишувларга эришилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид