Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги “LB Sport” корхонаси фаолияти билан танишди.

«Мамлакатимизда спорт индустриясини ривожлантириш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда импорт ўрнини босадиган, халқаро стандартларга мос сифатли спорт анжомлари ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.

“LB Sport” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи етакчи маҳаллий корхоналардан биридир. Корхона 20 дан ортиқ спорт федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мазкур лойиҳа давлат раҳбарининг жорий йил 24 мартдаги спорт соҳасига тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтиришга доир қарори асосида амалга оширилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлиб, тўлиқ тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Корхонада 18 та спорт тури бўйича 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йилига 500 минг дона, умумий қиймати 75 миллиард сўм бўлган спорт анжомлари тайёрланади.

Маҳсулотлар сифат жиҳатидан хорижий муқобиллари билан рақобатлаша олади, нархи эса нисбатан арзон. Улар Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади.

photo_2026-09-23_18-23-47 (2)
Фото: Президент матбуот хизмати

Корхона фаолиятида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Балиқчи туманидаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Касаначиларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этади, 65 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Мазкур тизим аҳолига ўз хонадонида меҳнат қилиб, барқарор даромад олиш имконини бермоқда.

photo_2026-09-23_18-23-47
Фото: Президент матбуот хизмати

Корхонада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилган. Тумандаги 1- ва 2-сон техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Улар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда.