Форс кўрфазида сиёсий инқироз бошланганидан буён илк марта ўтказилган Форс кўрфазининг араб давлатлари ҳамкорлиги Кенгашининг саммити (Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Уммон ва Саудия Арабистони) бир соатга яқин вақт давом этди. Унинг иштирокчилари 37 пунктдан иборат коммюнике (баённома) бўйича келишишга улгуришди. Баённомада АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишидан тортиб Сурия ҳамда Ямандаги вазият ҳам тилга олинган. Шу билан биргаликда, саммитда Қатар томонидан баёнот берилмади.
Саммит олий даражада ўтиши айтилган бўлсада, унда фақат икки давлат раҳбари, мезбон Кувайт амири Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ ҳамда Қатар амири Тамим ибн Ҳамад Ол Соний иштирок этди. Доҳага бойкот эълон қилган давлатлар раҳбарлари ал-Кувайтга келишмади. Форумда бу давлатларнинг ҳукуматлари вакиллари иштирок этишди.
Кувайт амири ўз сўзида ўзаро зиддиятлар мавжуд бўлишига қарамасдан, Форс кўрфазининг араб давлатлари ҳамкорлиги Кенгаши мавжудлигини сақлаб қолганини маълум қилди. У сессия арафасида низони бартараф этиш механизмини ишлаб чиқишга чақирди.
Саммит икки кун давом этиши белгиланганди. БАА делегацияси раҳбари Анвар Гаргашнинг айтишича, "Кувайт ноқулай шароитларда бу саммитни ташкил этиш орқали муваффақиятга эришди". Бошқа давлатларнинг вакиллари изоҳ беришдан тийилишди. Саммит арафасида Кувайт амири шайх Тамим "бу саммит Форс кўрфазида тинчлик ва барқарорлик таъминланишига хизмат қилиши"га умид билдириб ўтганди.
Коммюнике
Учрашув иштирокчилари Форс кўрфазининг араб давлатлари ҳамкорлиги Кенгаши бирлигини сақлаб қолиш борасида якдил фикр билдиришди, шунингдек, мудофаа соҳасида ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Яман фуқаролари Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийчиларга қарши ("Ансоруллоҳ" ҳаракати) бирлашишга даъват этилди, Қуддуснинг мақоми ўзгариши эҳтимолига муносабат билдирилди ва унинг оқибатларидан огоҳлантирилди, терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалалари муҳокама этилди.
Бундан ташқари, 6 давлат вакиллари Эрон бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашаётганини эътироф этишди ва расмий Теҳрондан "террорчи гуруҳларни молиялаштиришни бас қилиш"ни талаб қилишди. Иштирокчилар Сурия, Ливия ва Ироқ масаласидаги позицияларини такрорлашди.
Ҳужжат Қатар ва Кувайт амирлари, Саудия ТИВ раҳбари Одил ал-Жубайр, БАА давлат вазири Анвар Гаргаш, Баҳрайн бош вазири ўринбосари Муҳаммад ибн Муборак ибн Ҳамад ал-Халифа ва Уммон бош вазири ўринбосари Фаҳд ибн Маҳмуд ас-Саид томонидан имзоланди.
















