Россиялик спортчилар 2018 йили Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига бориши мумкин, аммо Россия эмас. Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) ижро қўмитаси 5 декабрь куни Россия терма жамоасини олимпиададан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жанубий Кореяда Россия байроқлари кўтарилмайди, Россия мадҳияси янграмайди, спортчиларга Olympic Athlete from Russia (OAR) байроғи остида ҳаракат қилишга рухсат берилди. 

Жамоани байроқ ва мадҳиядан маҳрум этиш катта норозилик келтириб чиқарди. Бундай қарор чиқарилиши аввалдан кутилганди, шунчаки 5 декабрда ижроий қўмитанинг 14 вакили буни тасдиқлади.

Шу тариқа, Россия ўйинларнинг 120 йилдан ортиқ тарихи давомида илк марта допинг қоидалари бузилиши туфайли четлатилган терма жамоага айланди.

ХОҚ қарори

Фото: Сочи-2014 / Reuters 

5 декабрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказилган Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:

Россия 2018 йили Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиададан четлатилади, қўмита махсус комиссияси турнирга нейтрал томон вакили сифатида бориши мумкин бўлган россиялик спортчиларни белгилаб беради. Бу комиссияни Франциянинг собиқ спорт вазири Валери Фурнейрон бошқаради. Комиссия таркибига ХОҚ ва WAFA вакиллари киришади. 

Сочи-2014 ўйинларида иштирок этган мулозим, мураббий ва шифокорларнинг бирортаси қишки олимпиада ўйинларига киритилмайди. 

Россия спорт вазири Виталий Мутко ва унинг собиқ ўринбосари Юрий Нагорних умрбод дисквалификация қилинди ва ҳеч қачон Олимпия ўйинларига киритилмаслиги белгиланди. Шунингдек, РФ вазирлиги вакилларининг биронтасига Олимпиада учун аккредитация берилмайди. Сочи-2014 ташкилий қўмитаси раҳбари Дмитрий Чернишенко Пекин-2022 мувофиқлаштирувчи комиссияси таркибидан чиқарилди.

Россия Олимпия қўмитаси Мустақил антидопинг комиссия (ITA) тегишли текширувлар ўтказиш учун сарфлаган 15 миллион долларни тўлаб бериши керак бўлади.

Россия хоккей терма жамоаси ва кёрлинг терма жамоаси Олимпиадада иштирок этишига расман рухсат берилган.

Фото: AFP

Халқаро олимпия қўмитаси пресс-релизидан: ХОҚ Россия Олимпия Қўмитасини четлатди ва Пёнгчангда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларига спортчилар алоҳида бориши учун шароит яратиб берди.