Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди, деб ёзади ЎзА ташрифга бағишланган материалида.

Афғонистон Президенти 5 декабрь куни Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий мартабали меҳмон Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғанининг тор доирадаги учрашуви бўлди.

Сизни Ўзбекистонда қутлашдан мамнунман, деди Президентимиз. Биз кейинги бир йилда беш маротаба учрашиб, бугунги тарихий ташрифга замин яратдик. Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни ва дўст мамлакат деб билади. Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши, савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигимиз ривожланиши учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этмоқда.

Афғонистон Президенти Ўзбекистонга ташрифидан, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка кенг йўл очилганидан мамнун эканини билдирди.

Бундан бир йил аввал Ўзбекистон халқи Сизга ишонч билдириб, Президент этиб сайлаган эди, деди Афғонистон раҳбари. Ўтган бир йилдаги ўзгаришлар бу ишонч тўғри бўлганини намоён этди. Ўзбекистон 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, барча масалаларни ҳал этмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланганидан мамнунмиз. Умид қиламизки, бу муносабатларимиз ойма-ой, кунма-кун янада мустаҳкамланиб бораверади.

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 13 октябрда ўрнатилган. Икки томонлама ҳамкорлик 2016 йилга келиб, изчил ривожлана бошлади. 2017 йил январда Тошкентда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди.