Фан-техника | 16:00 / 07.12.2017
8130
3 дақиқада ўқилади

Rinspeed’дан кутилмаган янгилик: экранлар, турар-жой модули ва 38 от кучи

Фото: Rinspeed

Rinspeed компанияси Snap модулли ҳайдовчисиз қурилма ҳақида, унинг 2018 йилнинг бошида Лас-Вегасда ташкиллаштириладиган CES истеъмол электроникаси кўргазмасидаги расмий тақдимотидан аввал барча маълумотларни ошкор қилди. Концепт-карнинг энг ўзига хос жиҳати транспорт воситасидан турар-жой модулига айланиш имконияти бўлади.

Rinspeed Snap тўла бошқарилувчи шассига эга ўзи юрар платформа ва юқорида ўрнатилган капсуладан иборат, у ҳам йўловчиларга мўлжалланган, ҳам юкли бўлиши мумкин. Янгиликнинг узунлиги 4682 миллиметрни, баландлиги - 1842, кенглиги - 1960, ғилдирак базаси эса 3250 миллиметрга тенг. Концепт-кар оғирлиги – тахминан 1700 килограмм.

Фото: Rinspeed

Ҳайдовчисиз транспорт воситасини электр куч қурилмаси ҳаракатга келтиради, у ZF компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг минимал қуввати – 38 от кучи, максимал – 69. Электмотор ҳажми 12 киловатт-соат бўлган аккумуляторлар блокидан қувват олади. Snap «юзга» беш сонияда чиқиши мумкин, ҳамда бир қувватда 100 километргача масофани босиб ўта олади.

Ҳайдовчисиз қурилманинг модулли конструкцияси афзаллиги шундан иборатки, платформани доимий тарзда яхшилаб бориш мумкин – унинг электрон қисмлари ҳар бир неча йилда алмаштиришни талаб қилади. Қувватлантириш ёки платформани алмаштириш вақтида, капсула, тиргакларда кўтарилиб, турар-жой модули ёки мобиль офис сифатида ишлаши мумкин.

Фото: Rinspeed

Snap ташқи дунё билан визуал мулоқот учун олтита проектордан фойдаланади. Иккитаси олд ва орқа ойнага ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига хабарларни чиқаради, тўрттаси йўловчилар билан ўзаро алоқага киришиш учун ён ойналардан фойдаланади.

Rinspeed Snap’нинг ҳар бир фойдаланувчисида учта дисплей бўлади. Айланувчиси шахсий маълумотни чиқаришга мўлжалланган, бошқа иккитаси – умумий, уларда йўналиш ҳақида маълумотлар, ташқи камералардан видеолар ва кўнгилочар контент пайдо бўлади. Бундан ташқари, концепт-кар Lexicon кенг ҳажмли товуш чиқариш аудиотизимига ҳам эга.

Фото: Rinspeed

Концепт-кар салонидаги нурдиодли чироқлар ҳавони микроблардан тозалаш учун ультрабинафша нурларини чиқаради. Ҳайдовчисиз қурилма фойдаланувчиларни аутентификация қилиш бўйича уч даражали тизим билан жиҳозланган. У юзларни фарқлаши ва одатлар ҳамда йўловчилар ҳақида умумий маълумотлар йиғишни ҳам билади. Кейинчалик улар овозли ёрдамчи томонидан тавсиялар ҳамда маслаҳатлар учун ишлатилади.

Фото: Rinspeed

Rinspeed компанияси CES 2017 кўргазмасига Oasis электр компакт-карни олиб келганди, у автопилот ва ўсимликлар ўстириш учун махсус жой билан жиҳозланган. Бундан ташқари, электркар электрон ёрдамчига эга, уни овозли буйруқлар ва имо-ишоралар билан бошқариш мумкин.

Мавзуга оид