Ўзбекистон | 17:45 / 07.12.2017
39641
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Биз ҳаммамиз халқнинг хизматкоримиз»

Фото: President.uz/Архив

Жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлади.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилганини, ҳолбуки, илгари битта оқлов ҳукми чиқариш ҳам судлар фаолиятида ўта кам учрайдиган ҳодиса бўлганини қайд этилди, деб ёзади «Халқ сўзи» газетаси.

«Терговнинг сифати яхшиланиб, терговчилар масъулияти оширилди. Хусусан, шу давр мобайнида тергов органлари томонидан 238 та ҳолатда жиноий ҳодиса юз бермагани аниқланди. 302 та ҳолатда жавобгарликка тортиш муддати ўтгани, 370 та ҳолатда айбдорлар қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлгани инобатга олинди. 549 та ҳолатда қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотгани, 1 636 та ҳолатда қилмишда жиноят таркиби йўқлиги исботланди. Ана шундай асосларга таяниб, 3,5 мингдан ортиқ жиноят иши тугатилди», дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев шунингдек, амнистия қўллашда ҳам адолат бўлиши кераклигини, озод қилинганлар яна қайта жиноят қилмаслиги кераклигини таъкидлар экан, чин кўнгилдан пушаймон бўлганлар афв этилиши ҳақида тўхталиб ўтди.

«Улар ўзига билдирилган ишончни оқлаб жамиятда ўз ўрнини топди. Яқин қариндошлар судланганларни ишга олмаслик энг катта адолатсизлик. Бир одамнинг айби деб бутун авлод жабр кўрмаслиги керак. Бу каби адолатсиз тизимдан воз кечадиган вақт келди». деб фикр билдирган Президент.

Умуман, бу борадаги ишлар халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилаётганининг амалдаги ифодасидир. Шу маънода, Президентнинг ушбу мажлисда: «Биз ҳаммамиз халқнинг хизматкоримиз» дейишлари бугунги ҳаётий ислоҳотларга ҳамоҳангдир.

Мавзуга оид