7 декабрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида давлат мукофотларини тантанали топширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берган.

Давлат раҳбари йиғилганларни юксак унвонлар, орден ва медалларга сазовор бўлгани муносабати билан самимий қутлади. Улар орқали барча ватандошларимизни Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги билан муборакбод этди.

Шавкат Мирзиёев якунига етиб бораётган йилда амалга оширилган ишларга тўхталар экан, халқ билан мулоқотда бўлиб, одамларнинг оғирини енгил қилишга асосий эътибор қаратилганини қайд этди. Дарҳақиқат, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да оддий одамлар билан мулоқотнинг мутлақо янги ва самарали тизими яратилди. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 1,5 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушди ва уларнинг 1 миллиондан ортиғи ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда дунёдаги нуфузли эксперт ва мутахассислар ҳам халқ билан мулоқотнинг бундай усули жиддий самара бераётганини эътироф этмоқда.

"Халқимиз Яратгандан аввало тинчлик-хотиржамликни сўрайди. Шундан сўнг, ўз уйим, бошпанам бўлса, оилам, бола-чақам билан соғ-саломат яшасам, дейди. Биз халқимизнинг ана шундай орзу-ниятларини рўёбга чиқариш учун иккита масалага, яъни ички ишлар ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратаяпмиз", - деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борада, албатта, улкан ишлар амалга оширилди. Участка профилактика инспекторларига хизмат машиналари ва уй-жойлар ажратилмоқда. Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” сифатида белгиланди. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Айниқса ёшлар учун уларнинг соғлом туғилишидан то мустақил ҳаётга қадам қўйгунича барча зарур шароитлар яратиб берилаётгани эътибор лойиқ. Давлат раҳбари БМТ Бош ассамблеясининг сентябрь ойида бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сургани бу борадаги янада бир муҳим қадам бўлди.

Жорий йилда бошқа муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қаторида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилиб, барча давлат органлари ва маҳаллаларда ёшлар масалалари бўйича раҳбар ўринбосари лавозимлари ташкил этилди.

Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг энг олижаноб қадрияти ҳисобланади. Шу маънода, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини жонлантириш, хотин-қизларнинг оила ва жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, ҳаётий манфаатларини таъминлаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида турибди.