«Хорижда» Telegram-канали муаллифи Қўшма Штатларга кўчиб ўтгандан кейин қандай қийинчиликлар билан тўқнаш келиш мумкинлиги ва улардан ўтиш «қиймати» ҳақида маълумот берди.

Мен ҳар куни ўз Telegram-каналим ўқувчиларидан кўплаб саволлар оламан, уларнинг аксариятида шундай сўзлар бор: «Кўчиб кетиш керакми ёки йўқ?». Бошқа томондан, мен юзлаб америкалик муҳожирлар билан танишман, уларнинг тақдирини кузатдим ва бир неча хулосаларга келдим. Биринчиларга иккинчиларнинг тажрибаси асосида жавоб беришга ҳаракат қилиб кўраман.

Барча муҳожирликни турлича бошидан кечиради: баъзиларда кўчиб ўтиш енгил кечади ва метамфетамин эйфориясини уйғотса, бошқаларда бутун ҳаёти фожиага айланади. Маълум бир инсон учун муҳожирлик қийинчиликлари объектив параметрлар билан белгиланади: инглиз тилини билиш, талабгир мутахассисликка эга бўлиш, молиявий имкониятлар ва легал мақомга эришиш бўйича қулай вариантлар.

Бу параметрларни ўлчаш (сон бўйича) ва баҳолаш (сифат жиҳатидан) мумкин: инглиз тилини билиш даражалари бор, талабга эга мутахассисликлар ҳаммага маълум (дастурчилар, муҳандислар, олимлар, тадбиркорлар, спортчилар ва ҳоказо), молиявий имкониятлар нолларнинг маълум миқдори билан ўлчанади, легал мақомга эришиш вариантлари эса аввалдан тушунарли (оила билан бирлашиш, лотереяни ютиб олиш, олинган ишлаш визаси, инвестициялар орқали грин-карта) ва баъзан анча мураккабдир (фуқароликка эга инсон билан оила қуриш, сиёсий бошпана, АҚШ ҳудудида иш берувчини излаш ҳамда бошқалар).

Бу кўрсаткичлар бўйича исталган муҳожирни «яхши - ёмон» томонга жойлаштириш мумкин ҳамда инсон «ёмон» томонга қанчалик яқин бўлса, Америка орзусининг ўрнига Помпей ҳалокатини қўлга киритиши эҳтимоли шунчалик юқоридир.

Бу мақолада – АҚШга кўчиб кетмаслик бўйича ўнта сабаб келтирилади. Бу агарда сиз йўлнинг энг бошида турган бўлсангиз, жуда фойдали маслаҳатларга айланиши мумкин.

1. Муҳожир комплекси

Муҳожир комплекси – бу маҳаллий аҳолига нисбатан ўзининг «иккинчи тоифали» эканини ҳис қилиш туйғуси бўлиб, ўз кучига тўғри баҳо бериш, иш унумдорлиги ва ҳаттоки соғлиққа таъсир кўрсатади. Комплекс ўзини ўраб турган муҳит билан таққослаш фонида ривожланади: улар тил билади, мен – йўқ; уларда ҳужжатлар бор, менда – йўқ; улар яхши жойларда ишлайди, мен – йўқ; улар катта уйларни сотиб олади, мен биттагина хонани ижарага оламан.

Барча муҳожирлар ҳам бу комплекс билан тўқнаш келмайди, бироқ бунга учрайдиганлар, уни оғир қабул қилади, кўплар эса ҳаётдаги энг мураккаб давр сифатида баҳолашади.