Нашр олган яқиндан туширилган суратда АҚШ Денгиз пиёдалари корпусининг VMFA-314 Black Knights эскадрилясига қарашли F-35C самолёти тасвирланган.

Эронга қарши «Эпик ғазаб» операциясидан қайтган самолётлардаги бундай белгилар улар қўллаган қуроллар ва бажарган вазифалар ҳақида қўшимча маълумот бериши мумкин.

Самолётда қандай белгилар бор?

Қирувчи фюзеляжининг чап томонида, кабина ости ва ҳаво қабул қилгич олдида турли ўқ-дориларнинг силуэтлари кўринади.

The Aviationist талқинига кўра, улар AIM-120 AMRAAM ракеталари, AGM-154 JSOW бошқариладиган зарба воситалари ҳамда GBU-31 JDAM, GBU-54 Laser JDAM ва GBU-32 JDAM авиабомбаларини англатиши мумкин.

Ҳар бир силуэт ёнидаги қўшимча чизиқлар тегишли қурол бир неча бор қўлланганини ифодалаётган бўлиши эҳтимол.

Қурол бўлинмаси қопқоғида эса нишонларга ўхшаш тасвирлар жойлашган. Улар орасида нефт танкери, учта сувости кемаси, корвет ёки фрегатга ўхшаш ҳарбий кема, дрон ҳамда артиллерия қуроли силуэтлари бор.

Яна икки белгини ишончли аниқлаш қийин. Нашр улардан бири автомобилдаги кўчма зенит мажмуасини, иккинчиси эса стационар ракета учириш қурилмаси ёки бошқа ер усти нишонини англатиши мумкинлигини ёзган.

Дрон белгиси қайси воқеага тегишли?

Самолётдаги дрон силуэти учбурчаксимон қанотли Shahed-136 аппаратига ўхшайди.

Мақолада эслатилишича, 2026 йил 3 февралда VMFA-314 эскадриляси самолёти Арабистон денгизидаги «Авраам Линколн» авиаташувчиси томон учган Shahed-139 дронини уриб туширган.

Шу сабабли белги айнан ўша воқеани англатиши мумкин. Бироқ суратдаги силуэт ўша жангда тилга олинган дрон турига мос келмайди. Демак, бу боғлиқлик ҳозирча тахмин бўлиб қолмоқда.

Энг катта савол — учта сувости кемаси

Нашрнинг алоҳида эътиборини учта сувости кемаси белгиси тортган. Тактик қирувчининг бундай нишонларни уриши ғайриоддий ҳолат ҳисобланади.

Аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг VFA-41 эскадрилясига қарашли F/A-18F Super Hornet самолётида ҳам сувости кемаси силуэти ва Sub Buster — «Сувости кемалари овчиси» ёзуви кўрилгани хабар қилинган эди.