Бугундан Европа чемпионатларида тур ўйинлари давом эттирилади. «Трибуна» кучли бешликдаги энг муҳим ўйинлар анонсини тақдим этади.

АРСЕНАЛ – НЬЮКАСЛ (16 декабрь, 20:00)

Бу жуфтлик кўпчиликка ўша машҳур 2011 йилдаги камбэкни ёдга солса керак. Ўшанда биринчи бўлимни 0:4 ҳисобида бой берган «Ньюкасл» иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққан эди. Ўша ўйиндан кейинги тўқнашувда ҳам дуранг натижа қайд этилган, аммо шундан бери «Ньюкасл» «Арсенал»га қарши ўйинларда бирорта ҳам очко ололмай келмоқда.

Ушбу ўйин олдидан ҳар икки жамоанинг ҳам кайфияти жойида эмаслигини тахмин қилса бўлади. «Арсенал» охирги уч ўйинда рақибларидан яққол устунлик қилди, 50дан ортиқ зарбалар берди, аммо атиги 2 очко олди, холос. Натижада «Арсенал» нафақат кучли тўртликдан, балки, олтинчи ўрнидан ҳам пастга тушиб кетди.

«Ньюкасл»нинг аҳволи эса, янада оғирроқ. Мавсумни яхши бошлаб, ҳатто, пешқадамларга яқин юрган Бенитес шогирдлари охирги 8 учрашувда атиги 1 очко олди, холос. «Ньюкасл» 21 октябрдан буён ғалаба нималигини билмаяпти ва ҳозирда хавфли зонадан атиги 1 очко олдинда турибди. Жамоанинг кейинги рақиблари - «Арсенал», «Вест Ҳэм» ва «Манчестер Сити». «Ньюкасл» бу ўйинларда рақиб ким бўлишидан қатъи назар, очко олишга уринишга мажбур, акс ҳолда, янги йилни яна «чемпионшип зона»сида бошлашга тўғри келади.

РЕНН – ПСЖ (16 декабрь, 21:00)

«Париж Сен Жермен» куни-кеча «Страсбур» устидан сафарда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва Лига кубоги ничморак финалига чиқди. Аммо аввалги турда айнан ушбу жамоадан қабул қилинган мағлубият парижликлар учун нафақат 3 очкога, балки қимматроққа тушиши табиий.

Сабаби, энди «ПСЖ»ни ҳам ютса бўлишини бошқа жамоалар ҳам тушуниб қолган бўлишлари мумкин. Энди Париж дарвозасига ҳужум қилишдан, унга йирик ҳисобда мағлуб бўлишдан қўрқишмайди.

Агар «ПСЖ»га қаршилик қилиши мумкин бўлган кейинги ўртамиёна жамоа ҳақида гап юритиш мумкин бўлса, биринчи бўлиб, хаёлга «Ренн» келиши табиий. Чунки, Сабри Ламуши шогирдлари охирги 10 ўйинда атиги бир маротаба мағлуб бўлди холос. Жамоа 7 ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. Ҳатто «Марсель» каби кучли жамоа ҳам кубок мусобақасидан чиқариб юборилди.

Яхши серия натижасида 6-ўринга кўтарилиб, еврокубоклар учун курашиши кутилаётган «Ренн» пешқадамга муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин.

БОРУССИЯ ДОРТМУНД – ҲОФФЕНҲАЙМ (16 декабрь, 22:30)

Янги мураббий қўл остида ниҳоят «Боруссия» ғалаба қозонди. Бундеслигада қаторасига 8 ўйинда ғалаба нималигини билмаган дортмундликлар сафарда ўйнашларига қарамасдан «Майнц» устидан 2:0 ҳисобида устун келишди.