Ўзбекистон | 16:30 / 17.12.2017
6714
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон маданий-адабий доиралари ўртасида кўп томонлама Меморандум имзоланди

Низоми Ганжавий номидаги Озарбойжон Миллий Илмий Академияси (ОМИА)да "Асл дўстона илдизлар: Озарбойжон-Ўзбекистон маданий-адабий алоқалари" мавзусидаги илмий конференция бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Маданият Маркази лойиҳаси доирасида сўнгги вақтларда Тошкентда ўзбек тилида чоп этилган китоблар, шунингдек ўзбек маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кўргазма билан танишишди.

Фото: Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази

ОМИА вице-президенти, Адабиёт Институти директори, академик Исо Ҳабиббейли сўнгги йилларда Озарбойжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларининг ривожланаётгани, маданий-адабий алоқаларнинг кенгаяётгани ҳақида сўзлади. Олим икки давлат алоқаларининг тамал тоши Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев томонидан қўйилгани, бугунги кунда бу муносабатлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон давлат раҳбари Илҳом Алиев томонидан муваффақиятли давом эттирилаётганини таъкидлади. 

Исо Ҳабиббейли икки мамлакат алоқаларининг ривожланишида Низоми Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Бобур, Насимий, Амир Темур ва бошқа машҳур шахсларнинг ўчмас ролини алоҳида қайд этди ва бу икки мамлакатнинг маданияти ҳамда адабиёти бир-бирига ҳамоҳанг тарзда ривожланаётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Адабиёт Институтида Ўзбекистон адабиёти вакиллари ижоди тарғиботи бўйича муҳим ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили Институтда Озарбойжон-Ўзбекистон-Туркманистон адабий алоқалари бўлими иш бошлади, олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида бир неча китоблар чоп этилди, Озарбойжонда яшаб ижод қилган ўзбек адабиёти таниқли вакилларининг мероси ўрганилди. Олим ОМИАнинг Ўзбекистон Фанлар Академияси билан ҳамкорлигига урғу берар экан, мазкур анжуманни мустақиллик йилларидаги Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларидаги муҳим ҳодиса деб атади. 

Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчиси Шерзод Файзиев анжуманда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражада ривожланаётганини таъкидлаб, мусулмон мамлакатлари ўртасида илм-фан, маданият соҳасидаги алоқаларни кучайтириш зарурлигини алоҳида қайд этди. Шунингдек элчи мамлакатларимиз Ислом маданияти ва жаҳон маданий-тарихий меросининг маркази ҳисобланишини таъкидлади. 

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Маданият маркази директори Самир Аббосов анжуманда Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг маданий-адабий алоқалари, ўтказилаётган тадбир ва лойиҳалар ҳақида сўзлади, Маданий марказ лойиҳаси асосида тайёрланган "Асл дўстона илдизлар" ҳужжатли фильми ҳақида маълумотлар берди. 

Фото: Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази

Таъкидлаш жоизки, анжуманда намойиш этилган "Асл дўстона илдизлар" ҳужжатли фильмида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари, шунингдек маданият, урф-одат ва анъаналарнинг бирлиги, алоқаларнинг ривожланиш тарихи ўз аксини топган. 

Мазкур ҳужжатли фильмнинг ғояси ва сценарий муаллифи - Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номли Маданият маркази раҳбари Самир Аббосов, режиссёр - машҳур кинорежиссёр Элдор Мамедов. Фильм тақдимоти биринчи Самарқанд шаҳрида "Озарбойжон маданият кунлари"да бўлиб ўтган.

Анжуманда ОМИА Низоми Ганжавий номидаги Адабиёт Институти, Тошкент Давлат Ўзбек тили ва Адабиёти Университети ва Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият Маркази ўртасидаги ҳамкорликка доир уч томонлама Меморандум имзоланди. Ҳужжатда илмий, маданий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ва адабиёт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби қатор масалалар кўзда тутилган. 

Ҳужжатга мувофиқ, Низомий номли Адабиёт Институтида қатор ишлар олиб борилади: Институт қошида Алишер Навоий номли Озарбойжон-Ўзбекистон Дўстлик маркази, Ўзбек тили ва адабиёти  кафедраси ташкил этилиб, Озарбойжонда яшаб ижод қилган ўзбек адабиёти вакилларининг меросини тадқиқ қилишга доир лойиҳалар қўллаб-қувватланади. 

Фото: Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази
Фото: Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон Маданият маркази

Шартнома пунктларига кўра, мустақиллик тарихида биринчи марта докторантлар алмашуви ҳаётга татбиқ этилади. Шу мақсадда Озарбойжоннинг Низомий номидаги Адабиёт Институти ва Ўзбекистондаги Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва Адабиёти Университети бунинг учун тегишли жойлар ажратади. 

 
Меморандумнинг яна бир диққатга сазовор томони шундаки, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар асосида биринчи марта Озар-Ўзбек ва Ўзбек-Озар луғатлари тузилади. Шу муносабат билан икки томоннинг тилшунос олимлари иштирокида Таҳририй таркиб ташкил этилади. 

 
Бундан ташқари, Меморандумда Озарбойжонда мавжуд Ўзбекистоннинг машҳур адибларининг кўп сонли қўлёзмалари, Ўзбекистонда эса Озарбойжон адабиёти вакилларининг қўлёзмаларини сақлаб қолиш ва келгусида қонунчилик шаклига мувофиқ, икки томоннинг розилиги билан ушбу қўлёзмаларни алмашиш масалалари ўз аксини топган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид