Кундузи машғулот, кечқурун иш – Шер Мамазулунов, ўзбекистонлик оддий кикбоксчи, Россияни забт этмоқда ва автомобилларни ювиш шохобчасида ишлашдан уялмайди, сабаби кикбоксингнинг ўзида яхши маблағлар ишлаб топиш анча мушкул. Men'sHealth нашри 14 декабрь куни TNA жангларида россиялик спортчи Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратиб жаҳон чемпионига айланган Шер ҳақида мақола эълон қилди.

Кечки соат ўн, Химки, автомобиллар ювиш шохобчаси. Ўзбекистонлик йигит мижозининг машинасини ювмоқда. Бир қарашда оддий йигитдек тасаввур уйғотади. У бир неча кун муқаддам мамлакатдаги кикбоксинг бўйича энг кучли мусобақада жанглар ўтказгани ҳамда икки карра жаҳон чемпиони Александр Дробинин устидан ғалаба қозонганига ишониш қийин. 14 декабрда эса ўзбекистонлик йигит TNA қоидалари бўйича жангларда жаҳон чемпионига айланди. У Қозон шаҳридаги рингда россиялик Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратди. Автомобилларни ювувчи оддий йигит қандай қилиб жаҳон чемпионига айланди?

Эрталабки соат ўн, Москва, Комсомол майдонидаги жангчилар клуби. Автомобиллар ювиш шохобчасидаги йигит таниқли жангчилар сафида машғулот олиб бормоқда. Бу ўша йигит эканига яна бир ишонч ҳосил қиламиз ҳамда ўқувчиларимизга уни таништирамиз: Шер Мамазулунов – 22 ёшли ўзбекистонлик кикбоксчи-автомобиль ювувчи, TNA 2017 қоидалари бўйича мусобақа иштирокчиси.

Мавзуга оид: Автомобилларни ювувчи ўзбек йигити кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони бўлди

– Ҳа, мен ҳақиқатан ҳам автомобиллар ювиш шохобчасида ишлайман... Аниқроғи, ишлаганман – ҳозирда менда мажбурий танаффус, сабаби кейинги жангга қаттиқ тайёргарлик кўрмоқдаман. Ўзбекистонда кикбоксинг билан анча узоқ вақт давомида шуғулланганман, Москвага эса пул ишлаб топиш мақсадида келдим. Аввалига қоровул бўлиб ишга жойлашдим, бироқ мени иш жадвали қониқтирмади, у менга машғулотлар олиб боришга халақит берарди, шунинг учун автомобиллар ювиш шохобчасига ишга ўтдим, бу кундузи машғулотларда қатнашиш, кечқурун эса ишлашга керак эди. Тўрт йилдан бери шундай яшайман...

Тўрт йил бир хил режимда: зал – иш, иш – зал. Жангчининг мураббийи сўзларига кўра, йигит учга уч метрлик майдонга эга кичик хонада ҳам яшашга мажбур бўлган. Мусобақаларга бориш эса унинг ҳаётига қандайдир ранг-баранглик олиб кирди. Фақат қандай мусобақаларга? Ҳозирда кўплаб тажрибали кикбоксчилар менежерлари профессионал жангларни топа олмаётганидан шикоят қилишади. Шуни айтиш мумкинки, буни амалга ошириш ҳақиқатан ҳам мушкул: ҳозир мамлакатда бешта таниқли промоушен бор бўлиб, улардан фақат иккитаси мусобақаларни мунтазам равишда ўтказиб келмоқда.