1 ноябрдан Қозоғистонда чет эл фуқаролари учун электрон кириш рухсатномалари (ETA – Electronic Travel Authorization) босқичма-босқич жорий этила бошланди. Янги тартиб Қозоғистон ҳукуматининг 10 октябрдаги қарори билан тасдиқланган.
Бундай рухсатнома биринчи навбатда Қозоғистон билан визасиз режим амал қиладиган мамлакатлар фуқаролари учун кўзда тутилган.
Ҳужжатни QazETA рақамли платформаси орқали расмийлаштириш мумкин. Бу янги тартиб сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар ва хорижий мутахассисларни таклиф қилувчи ташкилотларга ҳам таъсир қилади.
Тизим бир неча босқичда жорий этилади:
2026 йил 1 ноябрдан – Ақтау халқаро аэропортида Павлодар областидаги «Урлютобе», Жамбил областидаги «Аухатти», Туркистон областидаги «Атамекен» ҳамда Еттисув областидаги «Нурли Жўл» автомобил назорат-ўтказиш пунктларида;
2027 йил 1 январдан – Остона ва Олмаота аэропортларида;
2027 йил 1 мартдан – давлат чегарасидаги қолган барча назорат-ўтказиш пунктларида.
QazETA платформаси 2026 йил январ ойидан бошлаб синов режимида ишламоқда. Унинг ёрдамида мамлакатга кириш учун рўйхатдан ўтиш, электрон виза олиш, электрон резидентлик ва чегарани кесиб ўтиш тўғрисидаги маълумотномани олиш мумкин.
Биринчи босқич доирасида, 2027 йил 30 июнга қадар хорижликлар Қозоғистонга рухсатномасиз ҳам кириши мумкин, бироқ чегарада уларга бу талаб ҳақида огоҳлантириш берилади. 2027 йил 1 июлдан эса рухсатнома йўқлиги мамлакатга киришни рад этишга асос бўлади.
Сайёҳлар учун ETA расмийлаштириш бепул бўлади.
Ариза топшириш учун қуйидагилар керак:
Амал қилиш муддати камида 6 ой бўлган хорижга чиқиш паспорти;
Жавобни қабул қилиш учун фаол электрон почта манзили;
Сафар мақсади.
Рухсатнома миллий хавфсизлик органлари билан келишилган ҳолда ички ишлар органлари томонидан берилади ва 180 календар кун давомида амал қилади. Шу билан бирга, хорижлик фуқаронинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддати амалдаги миграция қоидалари билан чекланади (хусусан, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда визасиз 90 кунгача бўлишлари мумкин).












